Ўзбекистон элчихонасида Япония парламенти ва бизнес доира вакиллари билан учрашув ўтказилди
Февраль 24, 2024. 13:16 • 1 дақ
• 116
ТОКИО, 24 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонасида Япония парламенти ва бизнес доиралар вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Япония парламентининг вакиллар палатаси депутати, Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC), «Abu Dhabi National Oil Co.» компаниясининг Токиодаги офиси, «RS Asset Management» компанияси вакиллари ва бошқалар иштирок этди.
Элчи Мухсинхўжа Абдураҳмонов учрашувнинг очилиш қисмидаги нутқида Ўзбекистонда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада юксалтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича амалга оширилган ишларнинг натижалари таъкидланди.
Депутат Нобухидэ Минорикава ўз маърузасида, Япония мамлакатимизни Марказий Осиёдаги стратегик шерик давлат сифатида билишини ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.
«RS Asset Management» компанияси вакили ўз навбатида, сўнгги йилларда Ўзбекистонда хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва сармоядорларни қўллаб-қувватлаш, ташқи савдони либераллаштириш ва диверсификация қилиш, валюта бозорини эркинлаштиришга қаратилган натижадор ислоҳотларга эътибор қаратди.
«Биз Ўзбекистонда энергетика соҳасида лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдиряпмиз. Шу боис июнь ойида Япония бизнес доира вакиллари билан юртингизга боришни ва ўзаро ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини муҳокама қилишни режалаштиряпмиз», - деди у.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
