Токиода JDS дастури битирувчилари билан учрашув бўлиб ўтди

Сентябрь 30, 2026. 15:00 • 2 дақ

• 42
Токиода JDS дастури битирувчилари билан учрашув бўлиб ўтди

ТОКИО, 30 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида Кадрлар тайёрлаш дастури (Human Resources Development Scholarship Programme – JDS) доирасида таҳсилни муваффақиятли якунлаган ватандошлар билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети, Рицумэйкан, Нагоя, Ҳиросима, Йокогама миллий ҳамда Наруто таълим университетларини тамомлаган 12 нафар стипендиат иштирок этди.

Ўзбекистоннинг турли вазирлик ва идоралари ходимлари орасидан саралаб олинган битирувчилар иқтисодиёт, ҳуқуқ, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, шаҳарсозлик ва инновациялар, шунингдек, глобал таълим йўналишлари бўйича икки йиллик магистратура дастурларини тамомлаганлар.

Учрашув чоғида битирувчиларнинг Японияда орттирган илмий-амалий билимлари ва тажрибасини Ўзбекистонда, хусусан, давлат бошқаруви ва тегишли соҳаларда самарали қўллаш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, JDS дастури доирасида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Маълумот учун, JDS дастури Ўзбекистонда 1999 йилдан буён амалга ошириб келинмоқда ва юқори малакали мутахассислар, жумладан, давлат хизматчиларини тайёрлашга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Дастур амалга оширилган давр мобайнида 500 нафарга яқин ўзбекистонлик Япониянинг етакчи олий ўқув юртларида таҳсил олиб, ўз касбий малакасини оширди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш