Ўзбекистон дипломатлари Цзянсу провинциясида янги қўшма лойиҳалар бўйича келишувларга эришди
Октябрь 28, 2026. 15:00 • 3 дақ
• 56ШАНХАЙ, 28 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси вакиллари Цзянсу провинциясининг Чанчжоу, Янчжоу ва Нанкин шаҳарларига хизмат сафарларини амалга оширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташрифлар доирасида маҳаллий давлат идоралари, йирик компаниялар ва олий таълим муассасалари раҳбарлари, шунингдек, Хитойда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан турли учрашувлар ўтказилди.
Чанчжоу ва Янчжоу шаҳарлари ҳокимликлари вакиллари билан учрашувларда савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, инвестицияларни жалб қилиш, бизнес-форумлар ва ишбилармонлар делегациялари ташрифларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Хитой компаниялари Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги, саноат, машинасозлик, электроника, кимё, энергетика ва янги материаллар ишлаб чиқариш соҳаларидаги имкониятларига катта қизиқиш билдирди. Хусусан, Чанчжоудаги “Nanjing Changkai Power Automation Equipment” компанияси Ўзбекистонда энергетика лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди.
“CCSP Holding Group” компанияси билан Ўзбекистон ҳудудларида касбий таълим курсларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди. Компания вакилларининг жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, Тошкент, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларидаги техникумлар раҳбарияти билан учрашувлар ўтказишига келишиб олинди.
Янчжоу шаҳри вакиллари билан музокараларда жорий йил декабрь ойида шаҳар савдо департаменти ҳамда йирик ишлаб чиқарувчи корхоналар вакилларидан иборат бизнес-миссиянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Чанчжоу ахборот технологиялари касб-ҳунар университети раҳбарияти билан учрашувда ўзбекистонлик ўқитувчилар учун малака ошириш курсларини ташкил этиш ҳамда “1,5+1,5” форматида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
Нанкин транспорт касб-ҳунар институтида ўтказилган учрашувда эса Нанкин шаҳридаги тўртта таълим муассасаси ва Бош консулхонага бириктирилган Ўзбекистоннинг тўққизта техникуми ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Муҳандислик, транспорт, аудит ва бошқа йўналишларда кадрлар тайёрлаш, талабалар ва ўқитувчилар алмашинуви, қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш ҳамда техникумларнинг моддий-техник базасини такомиллаштириш бўйича амалий таклифлар илгари сурилди.
Мазкур йўналишдаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Хитой таълим муассасалари вакилларининг жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.
“Famsun Co., Ltd.” компанияси билан учрашувда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, донни сақлаш ва чорвачилик учун ускуналар етказиб бериш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ташриф давомида Нанкин ва Янчжоу шаҳарларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан ҳам учрашувлар ўтказилди. Суҳбатларда уларнинг яшаш ва ўқиш шароитлари, мавжуд муаммолари, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Талабаларга Хитой қонунчилиги, виза ва миграция талабларига риоя қилиш, ўз вақтида консуллик ҳисобига туриш ҳамда ижтимоий тармоқларда бузғунчи ғоялар тарқалишининг олдини олиш муҳимлиги тушунтирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



