Япониялик журналистлар Ўзбекистон ҳақида махсус материаллар тайёрлашни режалаштирмоқда
Октябрь 17, 2026. 11:12 • 2 дақ
• 107
ТОКИО, 17 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонасида “Yomiuri Shimbun” газетаси журналисти Казуми Мугикура ва фотожурналист Кохира Макико билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда 2026 йил 21–22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт сари йўл” мавзусидаги Бутунжаҳон саммити ҳамда унинг доирасидаги тадбирларни Япония оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалалари муҳокама қилинди.
Журналистларга саммитнинг мақсад ва вазифалари, Ўзбекистонда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимларини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, шунингдек, мамлакатнинг туристик салоҳияти ҳақида маълумот берилди.
Саммит доирасида ўтказиладиган II халқаро болалар онкологияси конгресси ва унда халқаро, жумладан, япон мутахассисларининг иштирок этиши аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Журналист Казуми Мугикура Самарқанддаги тадбирлар болалар саломатлиги соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ёритиш учун самарали майдон бўлишини таъкидлади. Шунингдек, Япония жамоатчилигини саммитнинг мақсадлари ва кутилаётган натижалари ҳақида хабардор қилиш муҳимлигини қайд этди.
“Япон ўқувчиларини Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий мероси, мамлакатнинг замонавий тараққиёти, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва туристик салоҳияти билан таништиришни истайман. Саммитдан сўнг тарихий обидалар, маданият ва мамлакатнинг бугунги ҳаёти ҳақида материаллар тайёрлаш мақсадида Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига боришни режалаштирдим. “CREA Traveller” ва “Marie Claire” журналларида махсус мақолалар ва саёҳат очеркларини чоп этиш ниятим бор. Бу япон ўқувчиларининг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янада оширади”, – деди журналист.
Ташриф доирасида журналистлар Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига ижодий сафар уюштириб, унинг якунлари бўйича Ўзбекистоннинг туристик имкониятларига бағишланган фотоальбом ва саёҳат материалларини тайёрлашни ҳам режалаштирмоқда.
Япониялик ижодкорлар туризм мавзусида материаллар тайёрлаш бўйича 30 йиллик тажрибага эга. “Yomiuri” нашрининг кундалик тиражи 5,8 миллион нусхани, “Yomiuri Shimbun Online” рақамли платформасининг ойлик фойдаланувчилари сони эса 16 миллион нафардан зиёдни ташкил этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси