ЮНЕСКО Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишга ёрдам кўрсатишни кенгайтиришга тайёр
Январ 20, 2024. 12:57 • 2 дақ
• 211
ПАРИЖ, 20 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги доимий вакили Камол Мухторов ташкилот бош директорининг коммуникация ва ахборот масалалари бўйича ўринбосари Тауфик Желасси билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тауфик Желасси мулоқот аввалида сўнгги йилларда коммуникация ва ахборот соҳасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади. У, шунингдек, Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришишнинг асосий омили ҳисобланган, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)нинг аксарият таркибий қисмлари бўлган ахборот соҳаси ислоҳотларини амалга оширишга кўмаклашишга тайёр эканлигини билдирди.
2023 йил охирида ҳамкорликда ЮНЕСКОнинг «Ахборотдан фойдаланиш, институционал масъулият ва оммавий ахборот воситалари ваколатларини кучайтириш орқали Ўзбекистон ҳукумати ва фуқароларининг имкониятларини кенгайтириш» янги техник ёрдам лойиҳасини ишга туширилди. Умумий қиймати 1,6 миллион доллар бўлган лойиҳа Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги томонидан молиялаштирилади ва Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан ҳамкорликда 2023-2026 йилларда амалга оширилади.
Ўзаро ҳамкорликни ошириш учун «янги ўсиш нуқталари» бўлиши мумкин бўлган бир қатор аниқ йўналишлар муҳокама қилинди.
Оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, шу жумладан, уларни ушбу соҳадаги асосий халқаро стандартлар ва ҳужжатларга мувофиқлаштириш, Ўзбекистонда режалаштирилган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ташкил этиш жараёнини ёритиш бўйича журналистлар ҳамда тегишли давлат ва нодавлат идоралари салоҳиятини кучайтириш, Адлия органларининг жамоатчилик билан алоқаларни сақлаш ва ривожлантириш учун масъул ходимлари (журналистлар)нинг малакасини ошириш лойиҳалари шулар жумласидандир.
Сўнгги йилларда республикада бу борада жиддий ишлар амалга оширилгани, ҳамкорликни кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлиги таъкидланди. ЮНЕСКО судялари ташаббуси доирасида сўнгги 10 йилда 160 та давлатдан 35 минг журналист мақсадли малака ошириш курсларини тамомлади.
Ўзбекистон Ахборот кодекси лойиҳасини муҳокама қилиш учун ЮНЕСКО билан эксперт маслаҳатлашувларини ўтказиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди. Шунингдек, «Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси» резолюциясини тарғиб қилишга бағишланган қатор тадбирларни ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
«Тошкент декларацияси» 2022 йил 28-29 сентябрь кунлари пойтахтимизда Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан ўтказилган конференция доирасида қабул қилинди (ЮНЕСКО делегациясига Тауфик Желасси бошчилик қилган).
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 42-сессиясида (2023 йил 7-22 ноябрь, Париж ш.) Ўзбекистон ташаббуси билан 20 та давлат ҳаммуаллифлигида қабул қилинган «Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни муносабати билан Тошкент декларацияси» резолюцияси бир овоздан маъқулланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади