UNFPA Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди
Декабрь 14, 2023. 10:03 • 2 дақ
• 334
НЬЮ-ЙОРК, 14 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов Нью-Йоркда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ижрочи директори Наталья Канем билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва UNFPA ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва чуқурлаштириш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси раҳбари Ўзбекистон билан хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, гендер тенглигини таъминлаш, демографик барқарорлик ва оналар саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида тўпланган бой ҳамкорлик тажрибасини мамнуният билан қайд этди. У, шунингдек, Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда ушбу соҳаларда эришган муваффақиятларини юқори баҳолади.
Томонлар Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раҳбариятининг жорий йил ноябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида UNFPAда ўтказган учрашувлари якунларини эътироф этишди. Агентлик ва UNFPA ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга интилиш тасдиқланди.
Шунингдек, аҳолишунослик соҳасида амалга ошириладиган қўшма ва халқаро тадбирлар режалари ҳам муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси