Бахтиёр Саидов: Япония Ўзбекистоннинг ишончли ва муҳим ҳамкорларидан биридир
Сентябрь 18, 2026. 19:38 • 2 дақ
• 154
ТОШКЕНТ, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Токиода Япония ташқи ишлар вазири Тошимицу Мотеги билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Япония ташқи ишлар вазири жаноб Тошимицу Мотеги билан Ўзбекистон–Япония ташқи ишлар вазирларининг иккинчи Стратегик мулоқотини ўтказдик”, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Учрашув давомида кенгайтирилган стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама мулоқотларни барча йўналишларда жадаллаштириш ва Олий даражада эришилган келишувларни изчил амалга ошириш масалаларини муҳокама қилдик.
Шунингдек, “Марказий Осиё + Япония” формати доирасида минтақавий алоқаларни ривожлантириш, халқаро майдондаги ҳамкорлигимизни кенгайтириш ҳамда долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдик.
Япония Ўзбекистоннинг ишончли ва устувор ҳамкорларидан бири. Бугунги мулоқот икки мамлакат ўртасидаги кенгайтирилган стратегик шерикликни аниқ амалий натижалар билан янада бойитишга қаратилган муштарак мақсадларимизни яна бир бор ифодалади”.
“Дунё” АА сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси