Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Покистон ва Хитойнинг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади
Апрель 02, 2026. 21:10 • 2 дақ
• 129
ТОШКЕНТ, 2 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун Покистон бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири, сенатор Муҳаммад Исъҳоқ Дар билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Покистон Ислом Республикаси Бош вазир ўринбосари ва ташқи ишлар вазири, сенатор Муҳаммад Исъҳоқ Дар жаноблари билан телефон орқали мулоқот қилдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Покистоннинг Яқин Шарқдаги можарони юмшатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаймиз. Хусусан, мазкур ҳудуд қарама-қаршилик майдонига айланиб қолмаслиги лозимлигини қайд этдик.
Исломобод ва Пекин томонидан биргаликда илгари сурилган минтақавий тинчлик ва барқарорлик йўлидаги беш банддан иборат ташаббусни, шунингдек, мулоқот ва дипломатик шерикликнинг устуворлигини таъкидловчи умумий позицияларини олқишладик.
Покистон-Афғонистон чегарасидаги вазият юзасидан фикр алмашдик, кескинликни юмшатиш бўйича кўрилаётган саъй-ҳаракатларни ижобий баҳолаб, масалаларни дипломатик йўллар орқали ҳал этиш бўйича мулоқотни давом эттириш муҳимлигини таъкидладик”.
“Синьхуа” АА хабарига кўра, Покистон ва Хитой биргаликда Форс кўрфази минтақаси ва Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни тиклаш бўйича бешта таклифни илгари сурган. Таклифлар ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, тинчлик музокараларини бошлаш, ҳарбий бўлмаган объектлар ва кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлаш ҳамда БМТ Низомининг устуворлигини ҳимоя қилишни ўз ичига олади.
“Дунё” АА архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси