Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясида "Инсон қадри учун" тамойили устувор
Декабрь 08, 2024. 08:25 • 2 дақ
• 150
AНҚАРА, 8 декабрь /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Туркиядаги элчихонасида 8 декабрь – Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан "Янги Ўзбекистон – янги марралар сари" мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Анқара инқироз ва сиёсат тадқиқотлари маркази "ANKASAM" билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда дипломатлар, етакчи турк университетлари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Элчи Алишер Аъзамхўжаев ўз нутқида, Бош қомусимизнинг қабул қилиниш тарихи, 2023 йилдаги референдум орқали киритилган ўзгаришлар, сўнгги парламент сайловлари натижалари ҳақида тўхталиб ўтди. Конституция –давлатчилигимизнинг ҳуқуқий асосини ташкил этиши, аҳоли сони 36 миллиондан ошган мамлакатимизда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи ҳужжат экани таъкидланди.
Шу йил октябрь ойида бўлиб ўтган парламент сайловларининг янги Конституциямизга мувофиқ ташкил этилгани, келгуси 5 йил учун белгилаб олинган муҳим вазифалар алоҳида урғуланди.
Профессор Меҳмет Сейфеттин Эрол, "ANKASAM" таҳлил маркази директори:
– Барча ўзбек халқини, азиз қардошларимизни 8 декабрь – Конституция куни билан самимий табриклайман. Мен ўтган йил бўлиб ўтган Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдумда халқаро кузатувчи сифатида қатнашган эдим. Ўшанда халқингизни Асосий қонунга бўлган ҳурматини яқиндан ҳис қилдим. Ўзбек халқи Янги Ўзбекистон ғоясининг ҳуқуқий пойдевори бўлган ҳамда аҳоли ва давлат ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаган янгиланган Конституциянинг қабул қилинишини баралла қўллаб-қувватлади.
Асосий қонунда мустаҳкамлаб қўйилган демократик асослар бу йилги парламент сайловида ўз натижасини кўрсатди. Конституция асосида Янги Ўзбекистон демократия намунаси сифатида майдонга чиқиб, эркин бозор тартиботи соғлом фаолият юритадиган кучли иқтисодиёт моделига айланиб бормоқда.
Жем Карадели, Уфуқ университети профессори:
– Янги Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси том маънода Президент Шавкат Мирзиёевнинг "Инсон қадри учун", "Халқ давлат идораларига эмас, давлат ташкилотлари халққа хизмат қилиши зарур" ғояларини ўзида мужассам этган. Яқинда бўлиб ўтган парламент сайловида ҳам кўрдикки, Ўзбекистонда Конституциядаги янги ўзгариш асосида кучли парламент томонидан қўллаб-қувватланадиган демократлашув муҳити янада мустаҳкамланмоқда. Мамлакатда инсон капиталини энг муҳим манба сифатида кўрадиган ва мувофиқ равишда инсон қадр-қимматига устуворлик берадиган ислоҳотлар сиёсати жадаллик билан давом этмоқда. Келгуси беш йил учун муҳим вазифалар белгилаб олган Янги Ўзбекистон ислоҳотлар босқичида пухта, қатъий ва муваффақиятли амалга ошириладиган янги жараёнга қадам қўйди. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон халқини Конституция куни билан самимий табриклайман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси