Бош қомусимиз қабул қилинган кун АҚШда кенг нишонланди
Декабрь 11, 2024. 02:25 • 2 дақ
• 453
ВАШИНГТОН, 11 декабрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан АҚШ ташқи хизмат ходимлари ҳамжамияти билан ҳамкорликда Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кунга бағишланган маданий-маърифий тадбир ташкил қилинди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда АҚШ расмий, дипломатик, ишбилармон, академик доиралари, шунингдек, таълим, туризм, маданият соҳаси вакиллари иштирок этди.
Тадбир аввалида меҳмонларга Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси, қадимий шаҳарлари ва мамлакатимизда жадал ривожланаётган сайёҳлик инфратузилмаси ҳақида тақдимот ўтказилди. Иштирокчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий, сиёсий ислоҳотлар, Бош қомусимизнинг 32 йиллиги ва янгиланган Конституциямизда акс этган демократик қадриятлар, очиқлик сиёсати, ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Маданий-маърифий кечада безатилган ҳар бир стол буюк ўзбек аждодларининг шарафига номланди ва меҳмонлар Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Ал-Хоразмий, Алишер Навоий, Захириддин Муҳаммад Бобур каби юртдошларимиз жаҳон жаҳон тамаддунида тутган роли, фан, адабиёт, илмий мерослари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.
"Azar Foundation" хайрия ташкилоти асосчиси ва васийси Шахин Мафи, ўз чиқишида Ўзбекистон маданияти, бой тарихий мероси ва буюк алломалари қолдирган илмий-маърифий ёдгорликлар жуда катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади. " Бугунги кунда Ўзбекистонда аёллар ва қизларни қўллаб-қувватлаш, улар учун тенг имкониятлар яратиш йўлида республикада қилинаётган ишлар ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. Мамлакатда аёллар тадбиркорлигининг рағбатлантирилиши, таълим соҳасида тенг имкониятларнинг яратилиши ҳамда аёлларнинг жамиятдаги роли оширилаётгани келажак авлодлар учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади", деди у.
"Биз ўз аъзоларимиз ва дўстларимиз билан биргаликда Ўзбекистон маданияти, кўҳна тарихий шаҳарлари, ранг-баранг анъанавий таомлари билан танишиб, мамлакатга ташриф буюргандек ҳис қилдик. Энди бизда Ўзбекистонга сафар қилиш, бу гўзал ўлканинг тарихий обидалари, миллий таомлари ва меҳмондўст халқи билан янада яқиндан танишиш истаги туғилди", - деди "Associates of the American Foreign Service Worldwide" ташкилоти президенти Селин Форд.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси