Ўзбекистоннинг Остонадаги элчихонасида "Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови" шиори остида маърифий тадбир ташкил этилди
Декабрь 12, 2024. 07:36 • 2 дақ
• 470
ОСТОНА, 12 декабрь /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонасида Бош қомусимиз қабул қилинганининг 32 йиллиги муносабати билан "Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!" шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Қозоғистон Президенти Администрацияси ходимлари, ҳукумат ва парламент аъзолари, Ташқи ишлар вазирининг ўринбосарлари ва департамент бошлиқлари, Остона шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳамда фаол ватандошлар иштирок этди.
Тадбир "Астана опера" театри хор жамоаси томонидан жонли тарзда ижро этилган Ўзбекистон Давлат мадҳияси садолари билан бошланди.
Элчи Бахтиёр Ибрагимов ўз нутқида, мустақил Ўзбекистон Асосий қонунининг яратилиши ва моҳияти, мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар, 2023 йил апрель ойида умумхалқ референдуми асосида Конституциямизга киритилган ўзгартишлар ва уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил сўзлаб берди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида ўрнатилган иттифоқчилик муносабатларининг ҳар томонлама ривожланиб бораётгани қайд этилди. Иштирокчиларга 10 декабрь санаси юртимизда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун сифати кенг нишонланаётгани маълум қилинди.
Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари Серик Жумангарин ўз навбатида, икки давлат етакчиларининг сиёсий иродаси ва халқларимизнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли биродарлик ва яхши қўшничилик алоқалари иттифоқчилик даражасигача кўтарилганини қайд этди. У, шунингдек, Ўзбекистон халқини Конституция ва Давлат мадҳияси қабул қилинган саналар билан самимий муборак этди.
Йиғилганлар эътиборига Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз каби шаҳарларимизнинг сайёҳлик салоҳияти, тарихий обидалари, миллий урф-одат ва таомлари ҳақидаги видеороликлар намойиш ташкил қилинди. Ўзбекистондан келган "SADO" ансамбли томонидан тақдим этилган концерт дастури эса барчага байрамона кайфият улашди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Бош қомусимиз қабул қилинган кун АҚШда кенг нишонланди
Эйндховен кўргазмалар залида ўзбек маданияти бурчаги ташкил этилди