Logo

Германиянинг Леверкузен шаҳрида ватандошлар иштирокида Ўзбекистон мустақилликка эришган кун тантана қилинди

Сентябрь 12, 2025. 12:12 • 2 дақ

55
Германиянинг Леверкузен шаҳрида ватандошлар иштирокида Ўзбекистон мустақилликка эришган кун тантана қилинди

ЛЕВЕРКУЗЕН, 12 сентябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Германиядаги дипломатик ваколатхоналари ва "Шарқона" жамияти билан биргаликда Леверкузен шаҳрида Ўзбекистон Мустақиллик кунига бағишланган байрам тантаналари ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Байрам тадбирида Германияда яшаётган, ишлаётган ва таълим олаётган ҳамюртларимиз, дипломатик ваколатхона ходимлари ҳамда маҳаллий аҳоли вакиллари иштирок этди.


Тадбирнинг очилиш қисмида сўз олган дипломатлар ватандошларни байрам билан қутлаб, мустақиллик шарофати билан юртимизда эришилаётган ютуқлар, амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари ҳақида маълумот бердилар. Бу каби тадбирлар хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни янада жипслаштириши, улар томонидан тузилган бирлашмаларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши таъкидланди.


Шунингдек, тадбир доирасида ватандошлар консуллик масалалари бўйича саволларига элчихона ходимларидан жавоб олдилар. Ҳамюртларимизнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.


Иштирокчилар учун байрамона дастурхони ёзилди ва ўзбек палов улашилди. Ватандошлар томонидан миллий куй-қўшиқлар ва рақслар ижро этилди. Миллий  спорт ўйинлари эса йиғилганларда катта таассурот қолдирди.


Козимжон Фишер-Раҳимов, шифокор:


– Андижонданман, давлатимиз раҳбарияти томонидан ёшларга яратилган шароитлар сабабли Германияда таълим олдим. Бугунги кунда хусусий клиникамиз бор, 25 та тиббиёт ходимимиз билан ҳар ойда бир ярим мингга яқин беморга хизмат кўрсатамиз.


Юртимиз тинчги ва гуллаб-яшнаётгани учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз. Давлатимиз хорижда бўлган ватандошлар қўллаб-қувватлаб, барча масалаларда яқиндан ёрдам бериб келмоқда. Бундан ташқари, хорижда миллий байрамларимизни нишонлаш бизни ғурурлантиради, бошқа хорижлик ҳамкасбларимиз олдида фахр туйғусини ҳис этамиз.


Мустақиллигимиз абадий бўлсин!


Шаҳло Ҳалилова, "Шарқона" маданият жамияти раҳбари:


– Леверкузен шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллигини ватандошлар билан биргаликда кенг байрам қилдик. Анъанага кўра, бу сафар ҳам палов тайёрлаш мусобақасини ташкил этдик. Ватандошлар беш хил турдаги палов тайёрлаб, ўз маҳоратларини кўрсатдилар.


Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Ўзбекистон Мустақиллиги куни билан табриклайман.


Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш