Logo

Туркиядан табрик: Ўзбекистон мустақиллиги – маданият, дўстлик ва тараққиёт байрамидир

Август 31, 2025. 11:53 • 2 дақ

46
Туркиядан табрик: Ўзбекистон мустақиллиги – маданият, дўстлик ва тараққиёт байрамидир

ТРАБЗОН, 31 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг Трабзон шаҳридаги фахрий консули Садик Сойлу "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз халқига ўзининг байрам қутловларини йўллади:

– Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги билан барча ўзбек қардошларимизни ва дўстларимизни чин қалбимдан табриклайман. Бу тарихий кун ўзбек халқининг азму шижоати, жасорати, миллий ғурурининг энг ёрқин рамзидир. Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги дўстлик, қардошлик ва стратегик ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Ўзбекистоннинг Трабзон шаҳридаги фахрий консулли ўлароқ, биз ушбу муносабатларни янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни қатъият билан давом эттиряпмиз.

Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллигига бағишлаб Трабзон ва унга яқин ҳудудларда ўтказилаётган маданий тадбирларда ташкил этилмоқда. Уларда Ўзбекистон санъат, маданият ва адабиёт намоёндалари иштирок этиб, ўзбек халқининг бой маданий меросини кенг тарғиб қилмоқда.

Трабзондаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан доимий мулоқот йўлга қўйилган. Улар ҳам байрамолди тадбирларда фаол қатнашяпти.

Мен Ўзбекистон фахрий консули сифатида ишбилармон доиралар вакиллари билан кўпроқ учрашишга ҳаракат қиламан. Уларни юртингизга сармоя киритишга фаол даъват қилаяпмиз. Бир сўз билан айтганда, турк ва ўзбек бизнеси ўртасида "кўприк" бўлишга интилаяпмиз. Бундан ташқари, Туркияда истиқомат қиладиган Ўзбекистон фуқароларини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида этибор қаратиляпти.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон мустақиллиги байрами барчамизга тинчлик-хотиржамлик, тўкинлик ва фаровонлик олиб келишини тилайман.

Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги дўстлик абадий бўлсин.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш