Исломобод шаҳрида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллигига бағишланган расмий қабул маросими ўтказилди
Сентябрь 03, 2025. 04:51 • 2 дақ
• 109
ИСЛОМОБОД, 3 сентябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан Исломобод шаҳрида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан расмий қабул маросими ўтказилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирга мезбон мамлакат ҳукуматининг юқори мартабали вакиллари, жумладан асосий меҳмон сифатида темир йўллар вазири Муҳаммад Ҳаниф Аббаси қатнашди. Шунингдек, хориждаги покистонликлар ишлари ва инсон ресурсларини ривожлантириш вазири Чоудри Салик Ҳусайн, Бош вазирнинг махсус ёрдамчилари ва координаторлари, сенаторлар, давлат идоралари раҳбарлари, Қуролли кучлар, элчилар ҳамда дипломатлар, жамоат ташкилотлари, ишбилармон доира, академик ҳамжамият, ОАВ ва фаол ватандошлар иштирок этди.
Қабул маросими икки давлат миллий мадҳиялари садолари остида бошланди.
Ўзбекистон элчиси нутқида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва барқарор иқтисодий тараққиёт ҳақида маълумот берди. Жумладан, Ўзбекистон ЯИМ сўнгги йилларда барқарор ўсишга эришиб, 2024 йилда 115 миллиард АҚШ долларини ташкил этгани, жорий йилда эса 130 миллиард доллардан ошиши кутилилаётгани таъкидланди. Миллий иқтисодиётнинг экспорт қувватлари 26 миллиард долларга етгани, олтин-валюта захиралари илк бор 48 миллиард доллардан ошгани қайд этилди. Шу билан бирга, Ўзбекистонга жалб этилган хорижий инвестициялар миқдори қарийб 130 миллиардга етгани таъкидланди.
– Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилган, деди элчи Алишер Тўхтаев. – Икки давлат раҳбарлари томонидан имзоланган Қўшма декларация ва Стратегик шериклик олий кенгаши тўғрисидаги баённома тарихий аҳамият касб этди ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун мустаҳкам пойдевор яратди. Шунингдек, "Ўзбекистон - Афғонистон - Покистон" темир йўли қурилиши лойиҳаси минтақавий интеграцияда муҳим аҳамиятга эга.
Покистон темир йўллар вазири Муҳаммад Ҳаниф Аббаси ўз нутқида, Шаҳбоз Шариф ҳукумати номидан Ўзбекистон Президенти ва халқини Мустақиллик куни билан табриклаб, тинчлик ва фаровонлик тилакларини етказди. У, шунингдек, икки давлатни чамбарчас боғлаб турган умумий тарих ва муштарак маданий қадриятларни таъкидлаб, Ўзбекистонни минтақадаги асосий ҳамкор сифатида баҳолади ҳамда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича изчил қадамларни қўллаб-қувватлашини билдирди.
Тадбир доирасида Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаёти, ташқи сиёсатдаги ютуқларига бағишланган фотокўргазма, миллий ҳунармандчилик буюмлари, чолғу асбоблари, китоблар ва миллий таомлар намойиш этилди. Маросим байрам дастурхони ҳамда Хоразмдан таклиф этилган санъаткорлар ижросидаги миллий куй-қўшиқлар садоси остида давом этди.
Қайд этиш жоизки, 1 сентябрь куни Исломободдаги энг баланд "Mövenpick" меҳмонхонаси биносидаги йирик ўлчамли экранда Ўзбекистон давлат мустақиллиги байрами муносабати билан табрик видеоролиги кун давомида намойиш этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойда кенг нишонланди
Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон мустақиллигининг 34 йиллиги кенг нишонланди
Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги Хитойнинг Шанхай шаҳрида кенг нишонланди