Logo

Варшавадан табрик: Ўзбекистон бугун нафақат Марказий Осиёнинг етакчи давлати, балки бутун минтақа учун сиёсий ва дипломатик жиҳатдан муҳим ўрин эгаллаган мамлакатга айланди

Август 28, 2025. 12:31 • 3 дақ

49
Варшавадан табрик: Ўзбекистон бугун нафақат Марказий Осиёнинг етакчи давлати, балки бутун минтақа учун сиёсий ва дипломатик жиҳатдан муҳим ўрин эгаллаган мамлакатга айланди

ВАРШАВА, 28 август. /"Дунё" АА/. "Польша – Осиё савдо-саноат палатаси" президенти, Польшанинг собиқ иқтисодиёт вазири ва Бош вазирнинг ўринбосари Януш Пехочинский "Дунё" АА учун интервьюсида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз халқига ўзининг байрам қуловларини йўллади:

– Менда ва Польша халқида Ўзбекистон ҳақида жуда яхши маълумотлар мавжуд. Чунки Ўзбекистон бугун нафақат Марказий Осиёнинг етакчи давлати, балки бутун минтақа учун сиёсий ва дипломатик жиҳатдан муҳим ўрин эгаллаган мамлакатдир. Бунинг устига иқтисодий ўсиш соҳасидаги муваффақиятлари эътиборга лойиқ. Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичдан уч баробар юқори. Бу эса халқаро вазият мураккаб бўлган, савдо ва иқтисодий алоқаларда қийинчиликлар бўлган бир пайтда юз бермоқда.

Бу шубҳасиз, Ўзбекистон раҳбарияти тўғри ва самарали қадамлар қўяётганини кўрсатмоқда. Шу билан бир қаторда, Европа Иттифоқи билан Самарқанддаги саммит, АҚШ, Россия, Хитой, Туркия, Озарбайжон ва давлатлар раҳбарлари билан учрашувлар, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги роли ошиб бораётганини тасдиқлайди.

Ўзбекистон бугун Хитой, Осиё, Россия ва Европа ўртасидаги муҳим логистика марказига айланмоқда. Бу фақат сармоялар эмас, балки муҳим инфратузилмавий лойиҳалар ҳамдир. Жумладан, Шимолий Покистон орқали Афғонистондан Марказий Осиёга, кейин эса Европага олиб борадиган транзит йўналишлар борасидаги ташаббусларни мисол тариқасида айтиш мумкин.

Ўзбекистон ўз маҳсулотларини Транскаспий йўлаги орқали экспорт қилишни жадаллаштириш учун замонавий юк кемаларини харид қилмоқда. Туркий давлатлар саммити ҳам шу нуқтаи назардан алоҳида аҳамиятга эга.

Президент Шавкат Мирзиёев жуда фаол, ташаббускор ва замонавий сиёсий етакчи. У нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим шахсдир. Давлатингиз раҳбари саъй-ҳаракатлари билан мамлакатда иқтисодий ўсиш барқарорлашмоқда, инфляция даражаси пасаймоқда, ишбилармонлик муҳити яхшиланмоқда. Бу ўз навбатида хорижий инвесторларнинг қизиқишини орттирмоқда. 2025 йилнинг биринчи ярмида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 18 миллиард доллардан ошгани ҳам шундан далолат беради. 10–12 июнь кунлари Тошкентда ўтказилган IV Тошкент халқаро инвестиция форумида жаҳон иқтисодий етакчилари йиғилди ва энергетика, транспорт, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш соҳасидаги янги имкониятлар муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг халқаро савдо кўрсаткичлари ўсиб бормоқда: фақат пахта ва тўқимачилик маҳсулотлари эмас, балки янги металл ва хомашё ресурслари, жумладан, олтин бозоридаги иштироки ҳам ортмоқда. Энг муҳими, хизматлар соҳаси, IT соҳаси, ахборот технологиялари, автомобилсозлик ва қуёш ҳамда гидроэнергетика йўналишлари жадал ривожланмоқда.

Энди эса Ўзбекистон атом энергетикаси соҳасига киришни режалаштирмоқда — бу мамлакат раҳбариятининг узоқни кўзлаган, хавфсиз ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш йўлидаги қадамидир. Бу янги бозорларга чиқиш ва халқаро капитал жалб қилиш имкониятларини очади.

Мана шу ўсишнинг асосий омили — Ўзбекистон раҳбариятининг доимий ислоҳотлари, бизнесга яратилган имкониятлар ва ўзбек халқидаги фаол менталитетдир.

Польша ва Марказий Осиё, айниқса Ўзбекистон билан алоқаларимизда катта салоҳият бор. Польша — Европа Иттифоқига чиқишда Ўзбекистон учун қулай ҳаб бўла олади. Ўзбекистоннинг экспорти, юк ташиш салоҳияти, "Ипак йўли" доирасидаги алоқалари шуни кўрсатади. Бу йўл фақат Хитой маҳсулотлари учун эмас, балки Марказий Осиё, биринчи навбатда, Ўзбекистон маҳсулотлари учун ҳам очиқдир.

Шунинг учун мен 2025 йилнинг иккинчи ярмига ката ишонч билан қарайман. Биз дўстона муносабатларимизни янада мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон фуқароларининг Польша саноатида ишлаш имкониятларини кенгайтириш устида ишлаяпмиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш