Logo

Артур Поляков: Марказий Осиё минтақасидаги туб ўзгаришлар қаттиқ фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олишга инвестиция киритишга тайёр халқаро компанияларни ўзига жалб этмоқда

Июнь 25, 2025. 19:52 • 3 дақ

94
Артур Поляков: Марказий Осиё минтақасидаги туб ўзгаришлар қаттиқ фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олишга инвестиция киритишга тайёр халқаро компанияларни ўзига жалб этмоқда

ТОШКEНТ, 26 июнь. /"Дунё" АА/. "Advantix Ltd" компанияси ижрочи директори, "MINEX Forum" ижроия қўмитаси раиси (Буюк Британия) "Дунё" АА учун интервьюсида 24-25 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "MINEX Central Asia 2025" форумининг аҳамияти ҳақидаги фикрини баён қилди:

– Бугун биз мамлакатингизда ўтказаётган форум – бу биринчиси эмас. Бундай формат 2017 йилда ҳам қўлланилган бўлиб, ўшанда Ўзбекистонда иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш учун янги йўналишлар белгилаб олинган эди. Бугунги тадбир ўша пайтда ҳозирги кон-металлургия саноати ва геология вазири Бобур Исломов билан биргаликда бошлаган ишимизнинг мантиқий давомидир.


Бизнингча ушбу форум минтақа мамлакатлари ресурсларини бир майдонда бирлаштира оладиган ноёб платформага айланди. Унда ҳар бир мамлакат ўз устуворликлари, дастурлари ва кейинги ривожланишга доир қарашлари ҳақида сўзлаб бериш, шунингдек, энг муҳим жиҳат – трансчегаравий ҳамкорликни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлди. Ҳозирда биз ушбу йўналишдаги ҳамкорлик алоқаларининг Марказий Осиё минтақасидан ташқарида изчил ривожланиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Шу боис, мазкур форумнинг асосий вазифаларидан бири айнан минтақавий ўйинчиларнинг ҳам ўзаро ҳамкорлиги учун самарали коммуникацион ва ахборот майдонини яратишдир.


Бугун минтақада ўз тажрибаси, технологиялари ва капиталини ривожлантиришга сармоя киритаётган инвесторларнинг янги тўлқини кузатилмоқда. Бу минтақада ҳақиқатан ҳам давлатлар миқёсида ўзгаришлар юз берганлигидан далолат беради. Устуворликлар, ўйин қоидалари ўзгарган, бу эса узоқ муддатли истиқболда қаттиқ фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олишга инвестиция киритишга тайёр халқаро компанияларни ўзига жалб этмоқда. Айниқса, сўнгги уч йил ичида минтақага қизиқишнинг изчил ортгани яққол намоён бўлмоқда.


Бу яхши белги. Агар сўз критик металлар – электромобиллар ва энергетик инфратузилма учун зарур бўлган батареялар ишлаб чиқаришда қўлланиладиган металлар ҳақида борадиган бўлса, ҳозирда уларга бўлган талаб сезиларли даражада ошганини кўриш мумкин. Транспорт энергетикаси ўзгармоқда. Эндиликда анъанавий ёқилғидан электр ва водородга ўтилмоқда. Бу эса янги энергетик иқтисодиётни қўллаб-қувватловчи инфратузилмани яратишга катта сармоя керак дегани. Бунинг учун табиийки ер остида жойлашган, аммо сайёрамизнинг чекланган жойларидагина тўпланган металлар зарур. Марказий Осиё эса ана шундай истиқболли минтақалардан биридир.


Биз сунъий интеллект ва электромобиллар ривожланиши, шунингдек, тегишли инфратузилманинг кенгайиши билан металларга, шу жумладан критик металларга бўлган талабнинг ўсишини кутмоқдамиз. Юқорида таъкидлаганимдек, Ўзбекистон бу борада улкан салоҳиятга эга.


Масалан, Ўзбекистон пўлат ишлаб чиқариш учун зарур бўлган марганецни қазиб олиш, ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга йўналтирилган янги консорциумда иштирок этмоқда. Агар қиёслайдиган бўлсак, Европада фақат битта марганец кони бор – Чехияда, Прагадан унча узоқ бўлмаган жойда. Бироқ йигирма йилдан ортиқ вақт давомида ҳануз уни ишга тушира олишмади. Ўзбекистонда эса бундай кон аллақачон фаолият кўрсатмоқда. Марганецсиз махсус пўлатларни ишлаб чиқариш мумкин эмас ва савдо урушлари ҳамда металл маҳсулотларига бўлган талабнинг ўсиши шароитида бу йўналиш улкан долзарблик касб этмоқда.


Ўзаро тушуниш ва умумий манфаатларга асосланган ҳар қандай халқаро ҳамкорлик доимо ижобий натижа беради.


Бундай форумлар потенциал шериклар ва умумий устуворликларга эга бўлган одамларни бирлаштиришга ёрдам беради. Масалан, ТМК компаниясидаги стратегик шерикларимиз аниқ дастурлар ва ривожланишга доир қарашларга эга. Форум туфайли биз бу ерга улар фаолиятининг турли сегментларига қизиққан кўплаб халқаро шерикларни жалб қила олдик. Биз ўрнатилган алоқалар ва давом этаётган музокаралар тез орада реал лойиҳаларга айланади деб умид қиламиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш