Logo

Герт Майер-Цюкёкер: Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш йўлида муваффақиятли одимламоқда

Сентябрь 18, 2025. 09:49 • 2 дақ

71
Герт Майер-Цюкёкер: Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш йўлида муваффақиятли одимламоқда

ТОШКЕНТ, 18 сентябрь. /Дунё" АА/. 17-18 сентябрь кунлари Наманганда ўтаётган "Камбағалликдан фаровонлик сари" мавзусидаги III халқаро форумнинг германиялик иштирокчиси Герт Майер-Цюкёкер "Дунё" АА учун интервьюсида анжуман ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:

– Форум қисқа вақт ичида мамлакат камбағалликни қисқартиришга салмоқли ва муваффақиятли ҳисса қўшиши мумкинлигини яққол кўрсатиб турибди. Бу натижа ўз-ўзидан пайдо бўлмади. Бунга тизимли ишлар натижасида эришилди.

Ўзбекистоннинг кўплаб ҳудудларида комплекс ривожлантириш дастурлари — бош режалар ишлаб чиқилди ва амалга оширилди. Уларнинг асосий йўналишлари аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, самарали ижтимоий фаоллаштириш ва фаоллаштиришдан иборат.

Сўнгги йилларда ҳамкорларимиз билан биргаликда ўн иккита шундай дастурни амалга оширдик. Ҳоким ўринбосарлари ва бошқа маҳаллий раҳбарлар учун кенг кўламли ўқув дастурларини ўтказдик. Биз ушбу режаларни қандай амалга оширишни биргаликда муҳокама қилдик ва уларга стратегияни аниқ натижаларга айлантиришни ўргатдик. Бу жуда муҳим, режалар ва концепциялар қимматли, аммо улар профессионал ва изчил амалга оширилиши керак.

Бу жараёнда маҳаллаларга таянамиз. Бу ерда ҳокимлар, айниқса, уларнинг ўринбосарлари асосий ўрин тутади. Биз уларни изчил қўллаб-қувватлаб, ўқитдик ва бугунги кунда улар барқарор келажак пойдеворини қўйиб, келгуси йилларда ривожланиш дастурларини муваффақиятли амалга оширишига ишончимиз комил.

Бир қарашда, Ўзбекистон ва Германияда минтақавий ривожланиш бутунлай бошқачадек туюлиши мумкин. Албатта, фарқлар мавжуд. Бироқ, шу билан бирга, ҳайратланарли ўхшашликлар кўриниб турибди. Ҳақиқий ижтимоий эҳтиёжларни аниқлаш ва ўсиш потенциалини тан олиш муҳимдир. Ҳа, Германия ва Ўзбекистонда бу эҳтиёжлар ҳар хил, аммо уларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш усуллари асосан бир хил.

Ўзбекистон тажрибасидан нимани ўргандим? Муаммоларни кўп жиҳатдан биз Европада дуч келадиган муаммолар билан солиштириш мумкин. Лекин энг қимматли нарса – бу амалга оширишдаги изчиллик ва қатъиятлилик. Узоқ муддатли ҳамкорлик ва ҳукуматнинг фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Очиғи, баъзида камбағалликка қарши курашишда Ўзбекистонда кўраётган сиёсий қатъият ва эътиборни Германияда ҳам кўришни истардим.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш