Logo

Иран Шархан: Марказий Осиёнинг критик минераллар соҳасидаги салоҳияти жуда юқори

Июнь 25, 2025. 12:56 • 2 дақ

64
Иран Шархан: Марказий Осиёнинг критик минераллар соҳасидаги салоҳияти жуда юқори

ТАШКEНТ, 26 июнь. /"Дунё" АА/. Қозоғистон саноат ва қурилиш вазирининг ўринбосари Иран Шархан "Дунё" АА учун интервьюсида 24-25 июнь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "MINEX Central Asia 2025" форумининг аҳамияти ҳақидаги фикрларини билдирди:

– Аввало, соҳа мутахассисларини ушбу муҳим форум билан табрикламоқчиман. Бу тажриба алмашиш, малака ошириш, шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш учун ажойиб майдон бўлди. Ҳам Ўзбекистонда, ҳам Қозоғистонда тоғ-металлургия мажмуи, тоғ-кон саноати ва геология соҳасига катта эътибор қаратилмоқда. Ушбу соҳа иқтисодиётнинг асосий ўсиш нуқталаридан бири саналади. Мамлакатларимиз ялпи ички маҳсулотида ҳам тоғ-кон саноати салмоқли улушни эгаллайди.

"MINEX Central Asia 2025" форуми ушбу соҳаларни янада ривожлантириш учун туртки бўлади. Яна бир бор таъкидламоқчиман – бу инвестицияларни жалб қилиш ва ер қарини ўзлаштириш ҳамда юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришга янги технологияларни жорий этиш учун ўта муҳим платформадир.

Ишончим комилки, Ўзбекистонда ташкил этилган мазкур форум соҳа ривожига янги туртки беради, тажриба ва малака алмашиш учун имкониятлар яратади. Шунингдек, минтақада янада қулай инвестиция муҳитини шакллантиришга ёрдам беради.

Критик муҳим минералларга келсак — Марказий Осиёнинг бу соҳадаги салоҳияти, шубҳасиз, жуда юқори. Бугун форум доирасида ушбу йўналишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш истиқболларини муҳокама қилдик. Ўзбек ва қозоқ халқларининг ўтмиши, бугун ва келажаги муштарак. Критик минераллар йўналишидаги ҳамкорлик ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ҳам соҳа ривожига янги туртки беради ҳамда бутун минтақа иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади. Ноёб ва критик муҳим минералларни қазиб олиш масалаларида халқаро ҳамкорлик бугунги кунда айниқса долзарб. Дунё бир жойда тўхтаб турмайди. Биз ноёб ер элементларини ривожлантиришда улкан салоҳиятни кўряпмиз. Шу нуқтаи назардан тегишли дастур аллақачон амалга оширилмоқда.

Мен ўз маърузамда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мазкур соҳада Марказий Осиё хабини яратишни таклиф қилдим. Давлатларимиз раҳбарлари бундай ҳамкорлик истиқболларини аллақачон эълон қилишган ва бугун биз бу йўналишда фаол ҳаракат қиляпмиз. Мамлакатларимиз ўртасида эксперт гуруҳлари тузилган. Яқин келажакда биз аниқ натижаларни тақдим этамиз. Бир қатор келишувларга эришилди, ҳамкорликнинг умумий йўналишлари ишлаб чиқилди.

Бугунги глобал чақириқлар – бу геосиёсий беқарорлик ва янги технологияларни жорий этиш заруриятидир. Биз хомашёни қайта ишлаш даражасини оширишимиз, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар яратишимиз керак. Бунинг учун малака ва янги технологиялар талаб этилади ва биз ҳозир айнан шунинг устида Ўзбекистондаги ҳамкасбларимиз билан биргаликда ишлаяпмиз

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш