Хоразм вилоятида ишлаб чиқарилган текстиль маҳсулотлари Болтиқ бўйидаги йирик савдо тармоқлари орқали сотилади
Июнь 19, 2024. 07:52 • 2 дақ
• 160
РИГА, 19 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Хоразм вилояти Савдо саноат палатаси раҳбари Қудрат Игамбергенов, вилоят ҳокимлиги инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Дусчанов бошчилигидаги делегациянинг Латвияга ташрифи ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида Ригадаги "Ўзбекистон савдо уйи"да бизнес-форум ўтказилди. Унда савдо-иқтисодий, инвестиция ва туризм соҳаларида алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Келгусида Рига шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган иқтисодий кўргазмаларда Хоразм вилояти вакиллари иштирокини ташкил этиш муҳокама қилинди.
Икки давлат тадбиркорлари ўртасида кечган музокаралар натижасида Латвия портлари орқали ўзбек миллий маҳсулотларини ЕИ давлатларига экспорт ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришилди.
Хусусан, "Monex Inevi" текстиль компанияси маҳсулотларини Болтиқ бўйи давлатларидаги энг йирик "Rimi" ва "Maxima" савдо марказларига жойлаштириш бўйича амалий ишлар бошланди.
"В2В" учрашувлар доирасида, шунингдек, Ўзбекистоннинг, жумладан, Хоразм вилоятининг сармоявий ва экспорт салоҳияти бўйича маълумотлар берилди. Ўтказилган учрашувлар ва музокаралар натижасида Латвия бозорига текстиль ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича аҳдлашиб олинди.
Бундан ташқари, томонлар Рига шаҳридаги "Ўзбекистон савдо уйи"да Хоразм вилояти маҳсулотлари шоу-румини ташкил қилиш тўғрисида ҳам келишувга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси