Logo

Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Яқин Шарқдаги вазият муносабати билан экспорт қилувчиларни фавқулодда қўллаб-қувватлаш механизмини жорий қилди

Июнь 26, 2025. 14:20 • 2 дақ

91
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Яқин Шарқдаги вазият муносабати билан экспорт қилувчиларни фавқулодда қўллаб-қувватлаш механизмини жорий қилди

ТОШКЕНТ, 26 июнь. /"Дунё" АА/. Яқин Шарқ минтақасида давом этаётган таранглик ва беқарорлик ҳолатлари муносабати билан Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги мазкур йўналишда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича тезкор механизмни жорий этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати ёзганидек, ҳозирги геосиёсий вазият логистика йўналишларига салбий таъсир кўрсатмоқда, транзитда узилишлар, божхона расмийлаштирувида кечикишлар, халқаро тўловларда қийинчиликлар ва бошқа ташкилий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Буларнинг барчаси Яқин Шарқ мамлакатлари билан ҳамкорлик қилаётган маҳаллий экспортчилар учун қўшимча хатар ва тўсиқларни юзага келтирмоқда.

Бизнес вакилларининг юзага келаётган муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва тезкор ҳал этиш мақсадида, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг расмий @miittashqisavdobot телеграм-ботида "Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт билан боғлиқ муаммолар" номли махсус бўлим ташкил этилди.

Мазкур бўлим орқали тадбиркорлар ва экспортчилар қуйидаги масалалар бўйича онлайн тарзда мурожаат юборишлари мумкин:

-логистика ва етказиб беришдаги муаммолар;

-божхона расмийлаштируви билан боғлиқ кечикишлар;

-транзитдаги чекловлар;

-халқаро тўловлар билан боғлиқ қийинчиликлар;

-ташқи савдо фаолиятида юзага келаётган бошқа маъмурий ва ташкилий тўсиқлар.

Юборилган мурожаатлар вазирликнинг тегишли бўлинмалари томонидан зудлик билан кўриб чиқилади ва заруратга қараб масъул идораларга юборилади.

Бундан ташқари, Республика экспорт штаби ҳузурида 24/7 режимида фаолият юритувчи Cалл-марказ ташкил этилган. Барча қизиққан тадбиркорлар +998 71 238-52-52 телефон рақами орқали маслаҳат олиш, мурожаат юбориш ёки амалий ёрдам олишлари мумкин.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ташқи иқтисодий шароитдаги ўзгаришларга тезкор муносабат билдириш, экспортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ташқи хавф-хатарларни камайтириш ва экспорт фаолиятининг барқарорлигини таъминлаш борасидаги фаолиятини давом эттиради.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш