Logo

Ўзбекистонда етиштирилган заъфаронни Германияга экспорт қилиш истиқболлари муҳокама қилинди

Декабрь 17, 2024. 15:09 • 59 сония

238
Ўзбекистонда етиштирилган заъфаронни Германияга экспорт қилиш истиқболлари муҳокама қилинди

ТОШКЕНТ, 19 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг "BMB Holding" ва Германиянинг "Breitzmann Edelmetalle & Diamanten" компаниялари вакиллари ўртасида музокаралар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган учрашув Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси кўмагида "BMB Holding" бош офисида уюштирилди. Унда "Breitzmann Edelmetalle & Diamanten" компанияси асосчиси ва Бавария-Ўзбекистон дўстлик жамияти раиси Карл-Хайнц Брайтцман бошчилигидаги делегация қатнашди.

Мулоқот давомида Германия бозорига "BMB Za’faron" ёрлиғи остида етиштирилаётган маҳсулотларни экспорт қилиш истиқболлари, мамлакатимизда замонавий немис технологияларини жорий этиш ва "BMB agro plus" корхонасида қайта ишланган мева-сабзавотларни Германия савдо тармоқларига етказиб бериш имкониятлари муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида, Германия бозорига Ўзбекистонда етиштирилган заъфарон маҳсулоти экспортини йўлга қўйиш, "BMB Holding" раҳбариятининг ушбу мамлакатга сафарини ташкил қилиш, ўзаро манфаатли йўналишларда ҳамкорликни янада жадаллаштириш тўғрисида келишиб олинди.

Бўлиб ўтган учрашув жорий йилнинг 31 октябрь куни "BMB Holding" бош офисида ўтказилган дастлабки музокараларнинг давоми бўлди.

"BMB Za’faron" маҳсулотининг Германия каби йирик бозорларда ўз ўрнини мустаҳкамлаши Ўзбекистонда етиштирилган заъфаронни жаҳон бозорига олиб чиқишда муҳим қадамлардан бири бўлди. Бу каби ташаббуслар нафақат экспорт ҳажмини оширишга, балки икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш