Малайзияда илк бор Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркаси очилди
Декабрь 19, 2024. 14:33 • 3 дақ
• 428
КУАЛА-ЛУМПУР, 19 декабрь. /"Дунё" АА/. Кеча Малайзиянинг Петалинг Жая шаҳридаги "Paradigm Mall" савдо мажмуасида "Made in Uzbekistan" ёрлиғи остидаги Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги савдо ярмаркаси очилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бошчилигида республикамизнинг мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари вакилларидан иборат делегациянинг Малайзия бизнес миссияси доирасида ташкил этилди.
Савдо кўргазмасининг очилиши маросимида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, уларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи 60 дан ортиқ маҳаллий компаниялар, жумладан "Mydin", "NSK Malaysia", "Rosyam Mart" каби йирик савдо тармоқлари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев ўз нутқида, иштирокчиларга юртимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришни кенгайтириш орқали мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга қишлоқ хўжалигида маҳсулот ишлаб чиқариш, уларни қайта ишлаш ва экспорт қилиш соҳасида яратилаётган шарт-шароитлар тўғрисида батафсил сўзлаб берди.
Малайзиянинг Селангор штати Қишлоқ хўжалик департаменти раҳбари Азахар бин Ҳошим ўз навбатида, ушбу муҳим ташаббус учун Ўзбекистон ҳукуматига миннатдорлик билдирди. "Мазкур савдо ярмаркаси ҳар иккала мамлакат тадбиркорлари ўртасида қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг ўзаро манфаатли тарзда экспорт-импорт операцияларини амалга оширишни кенгайтиришда муҳим роль ўйнайди", - деди у.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги раҳбари ўринбосари Улуғбек Юнусов Ўзбекистон раҳбарияти томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарга берилаётган имтиёзлар натижасида бу борадаги кўрсаткичлар тобора ошиб бораётганини таъкидлаш баробарида, мазкур савдо ярмаркаси малайзиялик тадбиркорлар билан ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли экспорт шартномаларини ишлаб чиқиш ҳамда имзолаш учун қулай шароит яратишини алоҳида урғулади.
Мазкур савдо ярмаркаси нафақат малайзияликларни Ўзбекистонда етиштирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари билан кенгроқ таништириш, балки улар билан ўзаро манфаатли, узоқ муддатли экспорт шартномаларини ишлаб чиқиш ва имзолашда муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
Савдо кўргазмаси доирасида Малайзиянинг йирик чакана савдо тармоқлари ва савдо компаниялари билан икки томонлама учрашувлар, Ўзбекистондан келган тадбиркорлар учун ўзбек маҳсулотларини Малайзия ва Жанубий-Шарқий Осиё давлатларига экспорт қилишнинг асосий жиҳатлари бўйича семинар-тренинг ўтказиш кўзда тутилган.
Моҳдан бин Амран, Малайзия савдогарлари ва тадбиркорлари уюшмаси бошқарув кенгаши аъзоси:
– Ушбу тадбирда иштирок этиш мен учун катта шараф. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ўзгача завқ бағишлади. Бугунги савдо-ярмаркаси Ўзбекистон ва Малайзия тадбиркорлари учун ҳамкорлик қилиш ҳамда ўзаро манфаатли келишувларга эришиш учун улкан имкониятлар эшигини очмоқда.
Ўйлайманки, ушбу тадбир кейинги йилларда ҳам ўтказилади ва мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро савдони янада ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшади.
Натхан, "Best Dairies Sdn Bhd" компанияси бош ижрочи директори:
–Ўзбекистон маҳсулотлари ярмаркасида иштирок этганимдан жуда хурсандман. Ярмарка юқори даражада ташкил этилган. Ўзбекистондан олиб келган сархил мевалар билан яқиндан танишиб чиқдим ва менда уларни харид қилиш истаги уйғонди.
Келажакда Ўзбекистонга бориб, мамлакатингизда етиштириладиган мева-сабзавотларни Малайзияга олиб келиш имкониятларини ўрганиб ва бу йўналишда ўз бизнесимни йўлга қўймоқчиман.
Акбар бин Моидунни, "MINC Corporate Consultants" компания раҳбари:
– Ўзбекистон маҳсулотлари савдо ярмаркаси жуда яхши ташкил этилган. Мамлакатингиздан келтирилган мевалар ўзининг ўзгача таъми ва сифати билан менда катта таассурот қолдирди.
Ишонаманки, бундай тадбирлар келажакда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг Малайзияда йирик савдо расталари ва дўконларида доимий равишда сотилишига туртки бўлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси