Ўзбек маҳсулотларини Чехия бозорига олиб чиқиш масаласи кўриб чиқилди
Май 10, 2026. 16:25 • 2 дақ
• 133
ПРАГА, 13 май. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Чехиядаги элчихонаси вакиллари йирик улгуржи савдо марказларидан бири “Velkotržnice Lipence s.r.o.” компанияси менеджери Кевин Лонг билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, миллий маҳсулотларни Чехия бозорига олиб чиқиш ҳамда чех улгуржи савдо инфратузилмасидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилди.
Прагада жойлашган “Velkotržnice Lipence s.r.o.” компанияси 1991 йилда ташкил этилган бўлиб, Чехиядаги йирик улгуржи савдо марказларидан бири ҳисобланади. Бу марказ орқали мамлакатдаги супермаркетлар улгуржи харидларни амалга оширади. Марказнинг умумий майдони 11 гектардан ортиқ бўлиб, 32 минг квадрат метрдан зиёд савдо ва омборхоналарни ўз ичига олади. Шундан 15 минг квадрат метр қисми совуткичли омборлардан иборат.
Марказ орқали янги ва қайта ишланган мева-сабзавотлар, музлатилган ва консервланган маҳсулотлар, гуллар ҳамда ресторан ва чакана савдо учун мўлжалланган турли товарлар сотилади. Йиллик товар айланмаси 120 минг тоннадан ортиқни, молиявий айланмаси эса 4,7 млрд чех кронасидан зиёдни ташкил этади. Шунингдек, ташкилот Жаҳон улгуржи бозорлар уюшмаси аъзоси ҳисобланади.
Учрашувда ташкилот раҳбарияти Ўзбекистон маҳсулотларини ушбу савдо платформаси орқали Чехия бозорига олиб чиқиш имкониятлари ҳақида маълумот берди. Хусусан, бозор ҳудудида савдо жойлари ва омборлардан фойдаланиш имкони мавжудлиги, ижара нархи ўртача 1 квадрат метр учун 1000 чех кронасини (тахминан 48 АҚШ доллари) ташкил этиши маълум қилинди.
Шунингдек, ҳозирги босқичда ўзбек маҳсулотларини бозорда фаолият юритаётган дилерлар ва дистрибьюторлар орқали сотишни йўлга қўйиш мумкинлиги айтилди. Кейинчалик, маҳсулотларга бўлган талаб ва харидоргирликдан келиб чиқиб, ўзбек экспортчилари учун алоҳида савдо нуқталарини ташкил этиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.
Компания раҳбарияти Ўзбекистон мева-сабзавот экспортчилари томонидан тақдим этиладиган тижорий таклифларни (маҳсулот тури, нархи, етказиб бериш ҳажми, сертификатлар ва етказиб бериш шартлари) кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид




