Logo

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ва вице-президенти Халқаро Фанлар академиялари ассоциацияси академиги унвони билан тақдирланди

Сентябрь 19, 2025. 17:25 • 53 сония

406
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти ва вице-президенти Халқаро Фанлар академиялари ассоциацияси академиги унвони билан тақдирланди

МИНСК, 19 сентябрь. /"Дунё" АА/. Беларусь Миллий Фанлар академияси Президиуми биносида Халқаро Фанлар академиялари ассоциацияси кенгашининг 38-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Хитой, Россия, Вьетнам, Монголия, Озарбайжон, Черногория, Арманистон, Куба, Қирғизистон, Грузия, Тожикистон ва бошқа давлатларнинг Фанлар академиялари президентлари ва раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов ва вице-президенти Сирожиддин Мирзаев қатнашди.

Йиғилиш давомида, бўлиб ўтган сайлов натижалари асосида Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Шавкат Аюпов ва вице-президенти Сирожиддин Мирзаевга Халқаро Фанлар академиялари ассоциациясининг академиги унвони топширилди. Академик Шавкат Аюпов, шунингдек, ташкилотнинг медали билан тақдирланди.

Тадбирда халқаро илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, фан ва инновациялар соҳасида тажриба алмашиш имкониятларини кенгайтириш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистонлик олимларнинг халқаро илмий ҳамжамиятдаги фаоллиги ва ҳиссаси юқори баҳоланмоқда. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда фан тараққиётига қаратилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятларнинг эътирофи сифатида кўрилмоқда. Ушбу тадбир, ўзаро манфаатли илмий ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва келгусидаги қўшма илмий лойиҳалар учун мустаҳкам замин яратиши кутилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш