Ўзбекистон вакили ФАО Европа учун минтақавий конференцияси раиси ўринбосари этиб сайланди
Май 25, 2024. 15:02 • 2 дақ
• 256
РИМ, 25 май. /"Дунё" АА/. БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) Римдаги қароргоҳида Европа учун 34- минтақавий конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ушбу анжуманда Европа ва Марказий Осиё минтақаси давлатлари юқори вакиллари, шунингдек, ФАО ва бошқа халқаро ташкилотлар етакчилари иштирок этди.
Тадбир доирасида 2024-2026 йиллар учун ФАО Европа учун минтақавий конференциясига раис ва унинг ўринбосарлари лавозимларига сайловлар бўлиб ўтди.
Сайлов натижаларига кўра, конференция раиси этиб Молдова Бош вазири ўринбосари, қишлоқ хўжалиги вазири Владимир Болеа, унинг ўринбосарлари этиб Албания қишлоқ хўжалиги вазири Анила Денай ва Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси, ФАО ҳузуридаги доимий вакил Абат Файзуллаев номзодлари сайланди.
Жорий йилги конференцияда минтақада озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни яхшилаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишда инновация ва рақамлаштиришнинг аҳамияти каби кўплаб масалалар муҳокама қилинди.
Анжуман якунида қатнашчилар томонидан Ўзбекистон делегациясининг фаол иштироки ва ташаббуслари алоҳида эътироф этилди.
ФАО бошқарув органида Ўзбекистон вакилининг сайланиши давлатимизнинг ушбу халқаро ташкилотдаги нуфузи ортаётганидан далолат беради. Шунингдек, хорижий мамлакатлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ва улар билан конструктив мулоқотни мустаҳкамлаш имконини оширади.
ФАО Европа учун Минтақавий конференцияси 1949 йилда таъсис этилган. Унга 54 та давлат, шу жумладан, Ўзбекистон аъзо ҳисобланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси