Сиэтл таомлар фестивалида юз берган отишма оқибатида уч киши ҳалок бўлди

Июль 28, 2026. 16:00 • 2 дақ

134
Сиэтл таомлар фестивалида юз берган отишма оқибатида уч киши ҳалок бўлди

СИЭТЛ, 28 июль. /“Дунё” АА/. АҚШнинг Вашингтон штати Сиэтл шаҳрида анъанавий равишда ўтказиладиган «The Bite of Seattle» таомлар фестивали вақтида юз берган отишма натижасида уч киши ҳалок бўлди, яна беш киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“CNN” нашрининг хабар беришича, фестиваль ўтказилаётган ҳудудда номаълум шахслар томонидан ўқотар қурол ишлатилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса камида икки гуруҳ ўртасидаги отишма натижасида юз берган бўлиб, воқеа жиноий гуруҳлар фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳалок бўлганлар орасида 19 ёшли йигит ҳам бор. Тахминларга кўра, у отишмада иштирок этган шахслардан бири бўлган бўлиши мумкин. Шунингдек, отишма вақтида 44 ёшли эркак ҳамда 56 ёшли аёл ҳам вафот этган.

Шаҳар мэри Кэти Уилсоннинг маълум қилишича, ҳодисага алоқадорликда гумон қилинаётган 15 ёшли ўсмир қўлга олинган. Яна бир гумондор шахсни қидириш ишлари давом эттирилмоқда.

Отишма жараёни видеокузатув камераларига тушмагани сабабли, полиция воқеа гувоҳларидан мавжуд маълумотларни тақдим этишни сўраган.

Вашингтон штати губернатори Боб Фергюсон ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириб, воқеа жойида фаолият олиб бораётган қутқарув хизматларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Мамлакатимизнинг Сиэтлдаги Бош консулхонаси маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш