Ўзбекистонлик ижодкорлар Деҳлида бўлиб ўтган ШҲТ ёш муаллифларининг иккинчи конференциясида иштирок этди
Сентябрь 28, 2025. 10:49 • 2 дақ
• 412
ДEҲЛИ, 28 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистонлик ёш ва таниқли қалам усталари Шуҳрат Ориф ва Жавлон Жовлиев жорий йил 25-26 сентябрь кунлари Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ёш муаллифларининг иккинчи конференциясида иштирок этди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Халқаро тадбир ШҲТ Котибияти, Ҳиндистон Таълим вазирлиги ва ушбу мамлакат Миллий китоб жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Навбатдаги конференция иштирокчилари "Рақамли даврда ижодий макон динамикаси: ШҲТ ёш муаллифларининг мулоқоти" мавзусини муҳокама қилмоқда. Анжумандан кўзланган мақсад бугунги кунда рақамли технологиялар санъат, адабиёт ва интеллектуал алмашинувни қандай ўзгартираётганини муҳокама қилиш учун ШҲТга аъзо давлатларнинг ёш ёзувчи ва ижодкорларини бирлаштиришдан иборатдир.
Ўзбекистон делегациясининг мазкур форумдаги иштироки мамлакатимизнинг ШҲТ фаолиятидаги, хусусан, Ташкилотнинг ёшларга оид сиёсатини амалга ошириш жараёнидаги изчил ва фаол позициясини ифодалайди. Анжуман мамлакат раҳбариятининг иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқаришга қаратилган ташаббусларини илгари суриш учун яна бир муҳим халқаро майдонча бўлди.
Конференция дастури доирасида ўзбекистонлик ёш муаллифлар асосий сессияларда маъруза қилди. Жавлон Жовлиев "Ижод ва матбаа иши" сессиясида иштирок этиб, замонавий адабий жараёнлар ва рақамли асрда муаллифлар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Анжуманнинг иккинчи кунида Шуҳрат Ориф анъанавий ва рақамли телерадиоэшиттиришнинг конвергенцияси мавзусидаги муҳокамада сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг замонавий контентни янги медиа форматларга мослаштириш бўйича тўплаган тажрибасини тақдим этди.
Ўзбекистон вакилларининг ШҲТ ёш муаллифлар конференцияси каби муҳим халқаро тадбирларда иштирок этиши катта аҳамиятга эга. Бу нафақат Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги гуманитар ва маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади, балки ўзбек ёшларининг жаҳон миқёсида ижодий ва интеллектуал салоҳияти юксалиб бораётганини ҳам яққол намоён этади.
ШҲТ ёш муаллифларининг иккинчи конференцияси Деҳлида Ўзбекистон, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Беларусь ва Эрондан 30 га яқин муаллиф ва ижодкорларни бирлаштирди. Биринчи конференция ҳам 2023 йил апрель ойида Ҳиндистон пойтахтида бўлиб ўтган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон фуқаролари орасида хорижда таълим олиш учун кетаётганлар сони тобора камаймоқда
Ўзбекистон божхоначилари Жаҳон божхона ташкилоти семинарида қатнашди
Доҳа форуми доирасида Термиз мулоқотининг стратегик аҳамияти тақдим этилди