Дональд Трамп шу йил охиригача КХДР раҳбари билан учрашиш ниятида
Август 20, 2026. 17:30 • 2 дақ
• 152
ВАШИНГТОН, 20 август. /“Дунё” АА/. АҚШ Президенти Дональд Трамп 2026 йил охиригача КХДР етакчиси Ким Чен Ин билан учрашиб, Пхеньян ядровий дастури бўйича музокараларни қайта тиклаш ниятида эканини таъкидлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Fox News” маълумотига таяниб.
Президент журналистларнинг эҳтимолий учрашув ҳақидаги саволига ижобий жавоб берди. У алоқаларни тиклашга бўлган уринишлардан сўнг Ким Чен Индан жавоб олганини маълум қилди. “The Wall Street Journal” нашрига кўра, Америка президенти ўз ёрдамчиларига шу кузда шахсан учрашув ташкил этишни буюрган.
Президентнинг бу баёноти унинг АҚШ ва Жанубий Кореянинг қўшма ҳарбий машғулотларини қисқартириш ҳақидаги фармойишидан сўнг янгради. Президент ушбу машғулотларни Пхеньянга нисбатан “мутлақо ўринсиз ва душманона” ишора деб атади.
Шунингдек, Дональд Трамп КХДР 57 та “жуда қудратли” ядровий жанговар каллакка эга эканини билдирди. Шу билан бирга, АҚШ Шимолий Кореянинг ядровий арсеналига оид расмий баҳони очиқ эълон қилмаяпти. Мутахассислар унинг миқдорини 50–60 та жанговар каллак атрофида баҳоламоқда. Жанубий Кореяда эса бундан ҳам юқорироқ рақамлар айтилган.
Сеул 1953 йилда сулҳ имзоланиши билан тўхтатилган, бироқ тинчлик шартномаси тузилмай қолган Корея урушига расман якун ясаш учун Пхеньян билан музокараларни қайта бошлашга тайёрлигини ҳам маълум қилган.
Айни пайтда, Шимолий Корея раҳбарининг синглиси Ким Ё Чжон Дональд Трамп ва унинг акаси ўртасидаги сўнгги алоқалар ҳақида ҳеч нарса билмаслигини айтди. Шу билан бирга, у икки етакчи ўртасидаги муносабатларни “ҳақиқатан ҳам яхши” деб таърифлади.
Дональд Трамп ва Ким Чен Ин 2018 ва 2019 йилларда бир неча бор учрашган, бироқ КХДРни ядровий қуролсизлантириш масаласидаги келишмовчиликлар туфайли музокаралар тўхтаб қолган эди. Дональд Трамп иккинчи президентлик муддати давомида ҳам Пхеньян билан дипломатик алоқаларни қайта тиклашга интилмоқда.
“KCNA” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси