Ғазодаги қишлоқ хўжалиги ерларининг атиги 3 фоизи ишлов бериш учун яроқли ҳолатда

Август 19, 2026. 18:30 • 2 дақ

129
Ғазодаги қишлоқ хўжалиги ерларининг атиги 3 фоизи ишлов бериш учун яроқли ҳолатда
“БМТ янгиликлари” фотосурати

ҒАЗО, 19 август. /“Дунё” АА/. Ғазо секторида давом этаётган жанговар ҳаракатлар фонида қишлоқ хўжалиги ерларининг атиги 3 фоизи фойдаланиш ва ишлов бериш учун яроқли бўлиб қолмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “БМТ янгиликлари” маълумотига таяниб.

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан UNOSAT билан ҳамкорликда ўтказилган сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига кўра, 448 гектар қишлоқ хўжалиги ери ёхуд уларнинг умумий майдонининг қарийб 3 фоизи фойдаланиш учун яроқли ҳолатда. 2025 йил октябрь ойида бундай ерлар 601 гектарни ташкил этган эди.

ФАО фойдаланиш мумкин бўлган майдонларнинг қисқаришини, аввало, янги вайронагарчиликлар билан эмас, балки ерларга кириш имконияти чеклангани билан изоҳламоқда. 2026 йил июнь ойида Ғазодаги 4 минг гектардан сал кўпроқ ёки қишлоқ хўжалиги ерларининг 27 фоизидан фойдаланиш имконияти сақланиб қолган. Бироқ уларнинг қарийб 3,6 минг гектари аллақачон ишлов беришга яроқсиз. Фойдаланиш мумкин бўлган ерларнинг кескин қисқариши Дайр ал-Балаҳ ва Хон Юнисда “сариқ чизиқ” деб аталадиган ҳудуд ғарбга силжиганидан кейин содир бўлди.

Айниқса, Рафаҳда вазият оғир: бу ерда қишлоқ хўжалиги ерларининг 97,2 фоизи ва иссиқхоналарнинг 98,4 фоизидан фойдаланиш имкони йўқ. Шу билан бирга, ФАО маълумотларига кўра, энг катта жисмоний вайронагарчиликлар ҳамон Шимолий Ғазо ва Ғазо вилоятида қайд этилган.

Шунингдек ўқинг

Вайронагарчилик кўлами секторнинг деярли бутун ҳудудини қамраб олган. 2025 йил октябрь ойида эълон қилинган UNOSAT маълумотига кўра, Ғазодаги барча биноларнинг қарийб 81 фоизи шикастланган, 123 мингдан ортиғи бутунлай вайрон қилинган.

2026 йил апрель ойида БМТ, Жаҳон банки ва Европа Иттифоқининг қўшма баҳолаш ҳисоботида 371,8 мингдан ортиқ турар-жой вайрон бўлгани ёки шикастлангани, аҳолининг 60 фоиздан ортиғи эса ўз уйидан айрилгани кўрсатилган.

Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, июль ойи бошига келиб ҳалок бўлганлар сони 73 минг кишидан ошган. Шу шароитда фермерлар сув, уруғ, ўғит ва ускуналар танқислигига дуч келмоқда. ФАОнинг огоҳлантиришича, агар ерлардан хавфсиз фойдаланиш имконияти тикланмаса ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари қўллаб-қувватланмаса, Ғазонинг мустақил равишда озиқ-овқат ишлаб чиқариш имконияти пасайишда давом этади.

“БМТ янгиликлари” фотосурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш