АҚШ Ғазода тинчликпарвар кучларни яратиш учун 206 миллион доллардан ортиқ маблағ йўналтиради
Август 20, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 26
ВАШИНГТОН, 20 август. /“Дунё” АА/. АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Ғазо секторида Халқаро барқарорлаштириш кучларини (ISF) яратиш ва жиҳозлаш учун 206 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратилиши ҳақида Конгрессни хабардор қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.
Давлат департаментининг маълум қилишича, 200 миллион доллар ускуналар, инфратузилма, транспорт ва кучларнинг операцион харажатларига йўналтирилиши режалаштирилмоқда. Яна тахминан 6,3 миллион доллар тўққизта бронетранспортёрни қайта жиҳозлаш учун сарфланади.
ISF Исроил қўшинлари олиб чиқиб кетилгач, хавфсизликни таъминлашни ўз зиммасига олиши, гуманитар ёрдам етказилишини қўллаб-қувватлаши ва Ғазодаги гуруҳларнинг қуролсизланишига ёрдам бериши лозим. Айни пайтда кучларнинг якуний таркиби ҳали аниқланмаган.
Миссияда иштирок этишга бешта давлат – Индонезия, Марокаш, Қозоғистон, Косово ва Албания розилик билдирган. Миср ва Иордания эса Фаластин полициячиларини тайёрлашда қатнашишга тайёрлигини маълум қилган. Кучларнинг жойлаштирилиши мумкин бўлган муддатлар ҳозирча номаълум.
ISFни яратиш режалари Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишмовчиликлар сабабли тўхтаб қолган. Исроил ўз қўшинларини олиб чиқишдан аввал гуруҳнинг тўлиқ қуролсизланишини талаб қилаётган бўлса, ҲАМАС келишувларнинг амалга оширилишини Исроилнинг ҳужумларни тўхтатиш ва қўшинларни олиб чиқиш бўйича мажбуриятларини бажариши билан боғламоқда.
Дональд Трамп маъмурияти ҳозирча кучларнинг фаолияти ва Ғазони тиклаш учун зарур бўлган маблағларнинг умумий ҳажмини ошкор этмаяпти.
Дастлаб “Тинчлик кенгаши” иштирокчи давлатлари секторни қайта тиклаш учун 17 миллиард доллар ажратиш ниятида эканини билдирган эди. Бироқ бу маблағларнинг аксарияти ҳали келиб тушгани йўқ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси