Италияга ўзбекистонлик ҳамшираларнинг илк гуруҳи етиб борди
Октябрь 10, 2025. 17:57 • 2 дақ
• 148
РИМ, 10 октябрь. /"Дунё" АА/.Мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонаси маълумотига кўра, бугун Милан аэропортида 10 нафар ўзбекистонлик ҳамширалар кутиб олинади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистонлик ҳамширалар уч ой давомида Ломбардиянинг "Fatebenefratelli", "Sacco" ва "Buzzi" шифохоналарининг қабул бўлими, реанимация, кардиология, нефрология, онкология, педиатрия бўлимларида тажрибали мутахассис ва таржимонлар ҳамроҳлигида хизмат фаолиятини олиб боради ва ўз билим ҳамда кўникмаларини оширади.
Ушбу истиқболли ҳамкорлик дастури жорий йилнинг
28-29 май кунлари Италия Бош вазири Жоржа Мелонининг Самарқандга расмий ташрифи чоғида давлатимиз раҳбари ҳузурида имзоланган икки мамлакат Ҳукуматлари ўртасида миграция ва мобиллик соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги англашув меморандуми ижроси доирасида амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши бўйича мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистонга Ломбардия губернатори Аттилио Фонтананинг ташрифи, июль ойида Ўзбекистон Миграция агентлиги директори ва Самарқанд вилояти ҳокими бошчилигидаги делегацияларнинг ушбу ҳудудга ташрифлари амалга оширилди.
Режага кўра, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида Ломбардияга
яна 210 нафар мутахассис келади. 2027 йил охирига қадар эса мобиллик асосида шифокорлар алмашинуви 3700 нафарга етказилиши назарда тутилган.
Келишувга кўра, шунингдек, 2025 йил охиригача Тошкентда Ломбардия координация ва ҳамкорлик бўйича миссия бўлими очилади. У Ломбардия ва Ўзбекистон тиббиёт университетлари ўртасидаги келгуси ҳамкорлик дастурларини мувофиқлаштириб боради.
Бундан ташқари, жорий йил ноябридан Тошкентда 150 нафар ва Самарқандда 60 нафар ҳамшира учун италян тили курслари бошланади. Бу 2026 йилдаги кейинги кадрларни жалб қилиш босқичига тайёргарлик ҳисобланади.
"Бу лойиҳа халқаро ҳамкорликнинг намунаси бўлиб, у таълим, малака ва ҳамжиҳатликни уйғунлаштиради, – деб таъкидлайди Ломбардия минтақавий соғлиқни сақлаш вазири Гуидо Бертолазо. – Мақсад Ўзбекистон билан барқарор алмашинувни йўлга қўйиш, соғлиқни сақлаш тизимимиз эҳтиёжларига жавоб бера оладиган мутахассисларни тайёрлаш ва бир вақтнинг ўзида шерик давлатларда касбий ўсишни рағбатлантиришдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси