Дональд Трамп Ҳормуз бўғози атрофидаги баҳслар фонида Эрон билан музокаралар йўқлигини маълум қилди

Август 19, 2026. 14:00 • 2 дақ

92
Дональд Трамп Ҳормуз бўғози атрофидаги баҳслар фонида Эрон билан музокаралар йўқлигини маълум қилди

ВАШИНГТОН–ТЕҲРОН, 19 август. /“Дунё” АА/. АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан ҳеч қандай музокара олиб борилмаётгани ва режалаштирилмаганини маълум қилди, Теҳрон эса Ҳормуз бўғози кемачилик учун ёпиқлигича қолаётганини таъкидламоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.

“Эрон Ислом Республикаси билан ҳеч қандай музокара ёки суҳбатлар олиб борилмаяпти ва режалаштирилмаган”, – деб ёзди Дональд Трамп “Truth Social” ижтимоий тармоғида. Унинг сўзларига кўра, Америка ҳарбий-денгиз блокадаси сақланиб қолмоқда, бўғоз эса очиқ ва ундаги денгиз миналари зарарсизлантирилган ёки йўқ қилинган.

Эроннинг бош музокарачиси Муҳаммад Боқир Қолибофнинг айтишича, Вашингтон вақтинчалик келишув шартларини, жумладан, блокадани тўхтатиш ва нефть санкцияларини бекор қилишни бажармагунча бўғоз ёпиқлигича қолади.

Дипломатик боши берк кўча Эроннинг ядровий дастури ва АҚШ санкциялари бўйича келишувга эришиш учун берилган 60 кунлик муддат тугаганидан сўнг юзага келди.

Шунингдек ўқинг

Бундан аввал АҚШнинг махсус элчиси Жаред Кушнер музокаралар давом этаётгани ва янада фаоллашганини айтган эди. Теҳрон ҳам мулоқотга тайёрлигини билдирмоқда, бироқ ўзи таслим бўлиш деб ҳисоблаган шартлар асосидаги музокараларни рад этмоқда.

Шу билан бирга, БАА Эрондан учирилган ва амирликларнинг баҳолашича, денгиз транспорти ҳаракатига йўналтирилган иккита баллистик ракета ҳақида хабар берди. Иккаласи ҳам денгизга қулаб тушган.

Бўғоз орқали кемалар оқими ўта паст даражада қолмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, 17 август куни уни саноқли кемаларгина кесиб ўтган. АҚШ маъмуриятидаги “Reuters” манбасининг таъкидлашича, Вашингтон яқин ҳафта ва ойлар ичида Теҳронга нисбатан иқтисодий босимни кучайтириш, янги санкциялар ва бошқа чораларни қўллашни истисно этмаяпти.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш