Logo

Мадридда "Амир Темур – сўнгги буюк саркарда" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

Май 26, 2025. 12:44 • 2 дақ

699
Мадридда "Амир Темур – сўнгги буюк саркарда" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди

МАДРИД, 26 май. /"Дунё" АА/. Испания пойтахтида "Casa Asia" маркази ва Мадрид қироллик театри ҳамкорлигида "Амир Темур – сўнгги буюк саркарда" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Халқаро анжуман Мадрид қироллик театрининг 2024/25 мавсуми дастурига киритилган Жорж Фридерик Ханделнинг "Темурланг" операси премьераси арафасида ташкил этилди.

Конференцияга "Casa Asia" маркази директори Эмилио де Мигель модераторлик қилди.

Анжуман давомида Самарқандни ўз салтанатининг буюк пойтахти этиб эълон қилган ва уни жаҳоннинг энг муҳим маданий ва савдо марказларидан бирига айлантирган Амир Темурнинг сиёсий етакчилиги, ҳарбий юришлари ва инсонпарварлик ғоялари хусусида фикр алмашилди.

Конференциянинг асосий маърузачиси филология фанлари доктори, Марказий Осиё лингвистик антропологияси бўйича мутахассис Мигель Пейро бўлди. У ўз маърузасида Амир Темур даври тарихи, Темурийлар мероси, давлатчилик шаклланишида маданият, илм-фан, меъморчиликнинг ўрни ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, Марказий Осиё маданий меросини оммалаштириш ва Амир Темур каби буюк тарихий шахслар хотирасини асраб-авайлаш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Иштирокчилар минтақамизнинг нафақат тарихий аҳамияти, балки замонавий сайёҳлик салоҳиятини ҳам муҳокама қилдилар. Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарлар Шарқ маданиятига қизиқувчи саёҳатчилар орасида тобора оммалашиб бораётгани таъкидланди.

Қайд этилишича, Мадрид ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри рейслар йўлга қўйилгани туфайли испаниялик сайёҳларнинг Ўзбекистонга, хусусан Темурийлар мероси билан танишишга бўлган иштиёқи ортиб бормоқда.

Ўзбекистон бугунги кунда маданий-маърифий туризмни жадал ривожлантираётгани, саёҳатчиларга буюк ҳукмдорлар изидан бориш, Буюк ипак йўли шаҳарларини кашф этиш ва минтақанинг бой мероси билан танишиш учун ноёб имконият тақдим этаётгани алоҳида урғулан.   Ушбу дастурлар бутун дунё олимлари ва тарих ихлосмандларини ҳам илҳомлантиришда давом этаётгани таъкидланди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш