"Дунё" АА вакили Бразилияда бўлиб ўтган "Глобал Жануб" медиа ва таҳлил марказлари форумида иштирок этди
Ноябрь 13, 2024. 11:26 • 55 сония
• 1031
САН-ПАУЛУ, 13 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг "Дунё" ахборот агентлиги директори Омонулла Файзиев Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида бўлиб ўтган "Глобал Жануб" оммавий ахборот воситалари ва таҳлил марказлари форумида иштирок этди, деб хабар беряпти "Дунё" АА мухбири.

Форумда дунёнинг 70 та давлатидан 170 та оммавий ахборот воситаларининг 350 нафар эксперти ва журналистлари қатнашди.
Анжуманнинг мақсади маданий алмашинув ва ҳамкорлик платформасини яратишдан иборат. Тадбир "Синьхуа" ахборот агентлиги (Хитой) ва Бразилия коммуникациялар агентлиги сингари дунёдаги етакчи медиа компаниялар томонидан ташкил этилди.
Форумнинг биринчи кунида иштирокчиларга Хитой Раиси Си Цзиньпин ва Бразилия Президенти Луис Инасиу Лула да Силванинг Глобал Жануб давлатларининг замонавий дунёда муҳим роль ўйнаши таъкидланган мурожаатлари ўқиб эшиттирилди.
Анжуман доирасида ўтказилган учрашувларда Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги маълумотларни Жанубий Америка мамлакатлари, хусусан, Бразилия оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Хитой ва Бразилия оммавий ахборот воситалари томонидан ташкил этилган форум 11-12 ноябрь кунлари Сан-Паулуда бўлиб ўтди. Тадбир "Тараққиёт ва уйғониш: Глобал Жанубга янги йўл" асосий мавзусида ташкил этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси