Ўзбек дизайнерлари томонидан яратилган миллий либослар америкалик мода ихлосмандлари қалбини забт этмоқда
Апрель 05, 2024. 16:21 • 2 дақ
• 425
ВАШИНГТОН, 5 апрель. /"Дунё" АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Ёш дизайнерлар кенгаши билан ҳамкорликда Вашингтонда ўзбек миллий матоларидан тайёрланган либослар намойиши ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Оқ уй, АҚШ Давлат департаменти, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД), Вашингтон шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус, тўқимачилик компаниялари раҳбарлари, мода саноати вакиллари, шунингдек, журналистлар қатнашди.
Тадбир доирасида "MOEL BOSH" (дизайнер - Зуҳра Худойқулова), "ANOR" (Дилноза Умирзоқова), "Suzani" (Мадина Қосимбоева) ва "SAADI Ethno" (Диёра Усмонова) брендлари томонидан тақдим этилган коллекциялар намойиш этилди. Ушбу тўпламлар ўзбек халқининг миллий анъаналари ва замонавий мода тенденцияларининг ноёб уйғунлашувини тақдим этди. Ушбу брендлар томонидан тикилган миллий либосларда аск эттирилган Ўзбекистоннинг бой ва хилма-хил маданий мероси томошабинларни ҳайратда қолдирди.
Мода намойишининг мусиқий безаги ҳам жуда таъсирли кечди. Унда мода ва маданият ўртасидаги чуқур боғлиқликга алоҳида урғу берилди. Намойиш учун фон мусиқаси сифатида танлаган "Даврада ёр ўйнасин" ашуласи "Ўзбек рақсининг афсоналари" мусиқий ҳужжатли фильмидан олинган. Ушбу фильм Ўзбекистоннинг бой ва кўп қиррали рақс санъатига бағишланган бўлиб, Канн, Нью-Йорк ва бошқа шаҳарларда ўтказилган кўплаб кинофестивалларда лауреат бўлган. "Даврада ёр ўйнасин" композицияси Нодира Пирматова томонидан яратилган.
Тўпламлар тақдимотидан ташқари, мода намойиши АҚШ мода уйлари, етакчи дизайнерлар ва савдо тармоқлари вакиллари билан яқин алоқалар ўрнатиш имконини берди. Жумладан, тадбирда Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотларини Америка Қўшма Штатларига тўғридан-тўғри етказиб бериш бўйича ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар ушбу намойиш ўзбек миллий либослари ва тўқимачилик маҳсулотларини тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистон мода саноатининг ранг-баранглигини кўрсатишга хизмат қилганини алоҳида таъкидладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси