Тошкент шаҳрида хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномани имплементация қилишга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди
Декабрь 14, 2023. 18:49 • 3 дақ
• 138
ТОШКЕНТ, 15 декабрь. /"Дунё" АА/. Кеча пойтахтимизда "Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномани имплементация қилишга кўмаклашиш" мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирнинг асосий ташкилотчилари Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳамда Халқаро миграция ташкилотининг мамлакатимиздаги миссияси ҳисобланади.
Халқаро давра суҳбатида Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг тегишли давлат муассасалари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, илмий ва академик доиралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек, Халқаро миграция ташкилотининг Бош қароргоҳи (Женева, Швейцария), Минтақавий офиси (Вена, Австрия), Миграция маълумотларини таҳлил қилиш глобал маркази, ушбу халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё мамлакатларидаги ваколатхоналари ходимлари ҳамда экспертлари иштирок этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори Акмал Саидов ва Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий мувофиқлаштирувчиси Зейнал Гаджиев давра суҳбати иштирокчиларини қутлар экан, бугунги кунда миграция барча давлатлар иқтисодиёти, эркин савдо ва инновация жараёнларида сезиларли мавқега эгалигига эътиборни қаратди. Шу сабабли халқаро ҳамжамият 2018 йилда Марокашда "Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартнома"ни маъқуллади.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 22 июндаги фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий стратегияси ва унинг "Йўл харитаси"да меҳнат миграциясини тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш вазифаси белгиланган. Шу асосда мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мунтазам такомиллаштирилмоқда.
Халқаро давра суҳбати аввалида Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномага бағишланган видеолавҳа намойиш этилди. Шундан сўнг халқаро, минтақавий ва миллий экспертлар ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини атрофлича таҳлил қилдилар. Жумладан, Глобал шартноманинг БМТ асосий ҳужжатлари ва Барқарор ривожланиш мақсадлари билан узвий боғлиқлиги алоҳида қайд этилди.
Офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган муҳокамаларда Женевада жойлашган Халқаро ҳуқуқ институти аъзоси, Лондондаги "King College" университети ҳамда Таллин университети фахрий профессори Рейн Мюллерсон, Халқаро миграция ташкилотининг Венадаги минтақавий офиси ходими Лоран Симон Ван Аш, Халқаро миграция ташкилотининг Миграция тўғрисидаги глобал шартнома бўйича эксперт-маслаҳатчиси Эльмира Хисамутдинова, БМТ Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари, Россия Халқлар дўстлиги университети "Халқаро ҳуқуқ" кафедраси мудири, Москва давлат халқаро муносабатлар институти профессори Аслан Абашидзе ва бошқа экспертларнинг маърузалари тингланди.
Давра суҳбати доирасида хавфсиз, тартибли ва қонуний миграциянинг миллий тизимини ривожлантириш бўйича бир қатор намунали тажрибалар тақдим этилди. Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномани амалга ошириш борасидаги илғор мамлакатлар, хусусан, Озарбайжоннинг амалий тажрибаси ўрганилди.
Тадбирда Марказий Осиё мамлакатларига Хавфсиз, тартибли ва қонуний миграция тўғрисидаги глобал шартномани имплементация қилишга кўмаклашиш мақсадида тегишли минтақавий дастур ишлаб чиқилгани ҳақида батафсил сўз юритилди. Дастур Халқаро миграция ташкилотининг Миграция учун ресурсларни тақсимлаш бўйича қўмитаси молиявий кўмаги билан изчил амалга оширилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон фуқаролари орасида хорижда таълим олиш учун кетаётганлар сони тобора камаймоқда
Доҳа форуми доирасида Термиз мулоқотининг стратегик аҳамияти тақдим этилди
Нукус ва Самарқанд ЮНEСКОнинг Глобал таълим шаҳарлари тармоғига қўшилди