Хитой компанияси Фарғонада муқобил энергия ишлаб чиқариш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширади
Август 22, 2024. 16:08 • 2 дақ
• 523
ФАРҒОНА, 22 август. /"Дунё" АА/. Фарғона вилоят ҳокимлигида Хитойнинг шамол ва қуёш электр станцияларининг йирик оператори — "Longyuan Power Group" компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашувда Хитой компанияси томонидан Фарғонада энергетика соҳасидаги йирик лойиҳаларга инвестиция киритиш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоиз, "Longyuan Power Group" компанияси шамол, қуёш, геотермал, сув оқими, газ, кўмир ва биомасса электр станцияларини лойиҳалаштиради, қуради ҳамда иш жараёнини биргаликда бошқаради. Шу билан бирга тармоқ компаниялари ва бошқа истеъмолчиларга электр энергиясини сотади, энергия ускуналари ва кўмир савдоси, консалтинг хизматларини кўрсатади. Электр станциялари, шамол турбиналари ва бошқа ускуналарни таъмирлаш ҳамда техник хизмат кўрсатишда кўмаклашади. Шамол электр станцияси мутахассислари малакасини ошириш ҳамда қурилмаларни синовдан ўтказиб бориш амалиётини ташкил этади.
Мулоқотда вилоят раҳбарияти компаниянинг энергетика соҳасидаги илғор тажриба ва ютуқларини эътироф этиб, ҳудудда қуёш панеллари ўрнатиш ҳамда йирик корхоналарга қуёш панелли қувватлагичларини ўрнатиб беришда ҳамкорлик қилиш истиқболли эканлигини таъкидлади.
Ўзаро ҳамкорлик доирасида ҳудудларда ихчам подстанциялар қуриш таклифи илгари сурилиб, вилоятдаги саноат зоналари, хусусан, Ўзбекистон туманида жойлашган "Шўрсув" саноат зонаси ҳақида маълумот берилди. Компания мутахассислари ушбу саноат зонаси имкониятларини ўрганган ҳолда ўз лойиҳаларини жойлаштириш мумкинлиги айтилди.
Эзгу ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида масъуллар бириктирилиб, компания вакиллари билан биргаликда саноат зонасини ўрганиш ва истиқболли лойиҳалар бўйича иш бошлаш бўйича келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
