Малайзия компанияси Ўзбекистонда йирик қуёш электр станцияларини қуриш лойиҳаларига инвестиция киритади
Март 08, 2025. 12:23 • 2 дақ
• 293
КУАЛА-ЛУМПУР, 8 март. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "Sunview Group" компанияси бош директори Онг Ханг Пинг билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда қайта тикланувчи электр станцияларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Онг Ханг Пинг Фарғона вилоятида қуввати 200 мВт бўлган қуёш электр станциясини қуриш лойиҳасини жорий йил якунига қадар ишга туширишга тайёрлигини маълум қилди.
Андижон вилоятида қуввати 400 мВт бўлган қуёш электр станциясини қуриш учун муносиб ер майдонларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур лойиҳалар бўйича ишларни бошлаш учун компаниянинг икки нафар мутахассиси Ўзбекистонда узоқ муддатли хизмат сафарида бўлиб турибди.
Компания раиси келгусида Янги Тошкент шаҳри ҳудудида барпо этилаётган йирик биноларнинг том қисмларига ўрта қувватли қуёш панелларни ўрнатиш ва Қашқадарё вилоятида сув насос станцияларини қайта тикланувчи электр манбалари билан таъминлаш лойиҳаларини амалга оширишда ўзбек томони билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
"Sunview Group" компанияси 2013 йилда ташкил этилган. Компаниянинг фаолият тури қайта тикланувчи энергетика соҳасида қурилиш бўйича лойиҳалаш, қурилиш, ишга тушириш ва техник таъминот ечимларини таклиф этишдан иборат. Компания фаолияти давомида Малайзияда жами қуввати 500 МВт дан ортиқ қуёш фотоэлектрик станцияларини ишга туширган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси