Миср билан фармацевтика соҳаси бўйича ҳамкорлик кенгайтирилади
Февраль 07, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 97ҚОҲИРА, 7 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Мисрнинг “Drug Pharma” компанияси раҳбарияти ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
2016 йилда ташкил этилган “Drug Pharma” хусусий фармацевтика компанияси юқори сифатли нутрицевтиклар, витамин-минерал комплекслар ҳамда педиатрия, гинекология, ортопедия ва умумий терапия йўналишлари учун мўлжалланган дори маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва бозорга чиқаришга ихтисослашган.
Компания ички бозорда барқарор ўрин эгаллаб, маҳсулотларини дорихона тармоқлари ва тиббий муассасалар орқали тарқатиб келмоқда. Бугунги кунда компанияси қатор Африка ва Яқин Шарқ давлатлари бозорларида фаол иш олиб бормоқда.
Онлайн музокараларда Миср компанияси раҳбари Аҳмад Асси Ўзбекистонни Марказий Осиёда фармацевтика ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш учун истиқболли ҳудуд сифатида кўраётганини таъкидлаб, тайёр маҳсулотлар экспорти, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда илғор технологиялар трансфери бўйича амалий ҳамкорликни бошлашга қизиқиш билдирди.
Учрашув давомида “Tashkent Pharma Park” инновацион фармацевтика кластери имкониятлари, хорижий инвесторлар учун яратилган солиқ ва божхона имтиёзлари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда давлат томонидан кўрсатилаётган институционал қўллаб-қувватлаш чоралари ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, замонавий фармацевтик ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, GMP талабларига мувофиқ корхоналарни йўлга қўйиш ва соҳадаги илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунларига кўра, “Drug Pharma” компанияси Ўзбекистон ҳудудида ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятини амалий жиҳатдан кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди. Шу муносабат билан компания делегациясининг яқин вақт ичида Тошкентга ташрифини амалга ошириш ҳамда инвестиция лойиҳаларини жойида ўрганиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


