Logo

Сингапур компанияси Тошкент вилоятида ун маҳсулотлари, ўсимлик мойлари ва озуқа ишлаб чиқарадиган мегазавод қурилишига 100 миллион доллар инвестиция киритади

Январ 17, 2024. 18:10 • 59 сония

711
Сингапур компанияси Тошкент вилоятида ун маҳсулотлари, ўсимлик мойлари ва озуқа ишлаб чиқарадиган мегазавод қурилишига 100 миллион доллар инвестиция киритади

СИНГАПУР, 17 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси кўмагида "Ўзбекистон Республикасининг Тошкент вилоятида мегазавод ва дистрибьюторлик хабини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик шартномаси" имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Маросимда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов, Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ҳамда Сингапурнинг «Willmar International Limited» компанияси директорлар кенгаши раиси Куок Хун Хонг иштирок этди.


Лойиҳа Тошкент вилоятида «Willmar International Limited» компаниясининг тўғридан-тўғри инвестицияси ҳисобига қиймати 100 миллион доллар бўлган ун маҳсулотлари, ўсимлик мойлари ва юқори оқсилли озуқалар ишлаб чиқарувчи мегазаводни қуришни назарда тутади. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари жорий йилнинг биринчи ярмида якунланади.


Сингапур томонига кўра, ушбу заводнинг қурилиши Ўзбекистонни «Willmar» глобал таъминот занжирига киритиш учун стратегик имконият яратади. Дистрибьютор марказнинг ривожланиши эса мамлакатни Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва бошқа мамлакатлар бозорларининг йирик минтақавий ва глобал экспортчисига айлантиради.


Лойиҳа темир йўл, Тошкент ҳалқа йўли ва бошқа муҳим коммуникациялар ёнида стратегик аҳамиятга эга бўлган Тошкент вилояти Сурум қишлоғида 30 гектар майдонда амалга оширилиши режалаштирилган.


Онлайн музокаралар давомида томонлар лойиҳани бошлашни тезлаштириш мақсадида яқин ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш