Тошкентда МДҲ тарихида илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар минтақаларининг биринчи форуми бўлиб ўтди
Май 01, 2025. 09:34 • 3 дақ
• 96
ТОШКЕНТ, 1 май. /"Дунё" АА/. Шу йил 29 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан МДҲ тарихида илк бор Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар минтақаларининг биринчи форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, унда Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларнинг вакиллик делегациялари ва МДҲ Ижроия қўмитаси делегацияси иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон делегацияси раҳбари – Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев қутлов нутқи билан сўзга чиқиб, МДҲ мамлакатлари иқтисодиётини ривожлантириш учун умумий тажриба ва ишончга асосланган ўзаро манфаатли ҳудудлараро шериклик ва барқарор ишбилармонлик алоқаларини йўлга қўйиш муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Сўнгги 5 йилда Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари билан ташқи савдо айланмаси қарийб икки бараварга ўсди ва 2024 йил якунига кўра 23 миллиард доллардан ортиқни ташкил этди. Ўзбекистон ҳудудларида Ҳамдўстлик давлатлари капитали иштирокидаги 5,5 минг компания муваффақиятли фаолият юритмоқда.
МДҲ давлатларининг вилоят, шаҳар ва туманларида ҳамжиҳатлик билан йирик сармоявий ва инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Ҳудудлараро савдони рағбатлантириш мақсадида МДҲ давлатларида 130 дан ортиқ махсус иқтисодий зоналар фаолият кўрсатмоқда, чегаравий савдо зоналари ҳам ташкил этилмоқда.
МДҲ доирасидаги шериклик даврида иштирокчи давлатлар минтақалараро аҳамиятга эга 6 мингга яқин икки томонлама ҳужжатларни имзоладилар.
Маърузачи Ўзбекистон иқтисодиётдаги чуқур ўзгаришлар жараёнларини давом эттириш, қулай сармоявий ва ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, саноат тармоқларида юқори қўшимча қиймат яратиш, ҳамкор давлатлар билан ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга қатъий интилишини таъкидлади.
Жаҳон савдосидаги глобал жараёнларни ҳисобга олган ҳолда, Ҳамдўстлик мамлакатларида савдо муносабатларини рағбатлантириш бўйича қатор чора-тадбирлар, жумладан, МДҲ доирасида Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Битимнинг салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш, товарлар ва хизматлар ҳаракати йўлидаги мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, савдо тартиб-қоидалари ва юк ташишни рақамлаштириш, минтақавий ҳамкорлик лойиҳаларини фаол жалб этиш орқали кенгайтириш таклиф этилди.
Форумда, шунингдек, Беларусь Бош вазирининг ўринбосари Юрий Шулейко, Россия Ҳукумати раиси ўринбосари Алексей Оверчук, Тожикистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ҳоким Холиқзода, Қозоғистон савдо ва интеграция вазири ўринбосари Жанел Кушукова, Қирғизистон иқтисодиёт ва савдо вазирининг биринчи ўринбосари Чоро Сейитов ва Ҳамдўстлик мамлакатлари ҳудудлари раҳбарлари иштирок этди.
Ишбилармонлик дастурига кўра, "В2В" форматида музокаралар ва учрашувлар ташкил этилди. Унда иштирокчилар икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича аниқ йўналишлар ва истиқболли ташаббусларни муҳокама қилдилар ҳамда бизнес китобларига янги алоқаларни қўшиш имконига эга бўлдилар.
Форум якунлари бўйича дўстона муносабатларни ўрнатиш, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни йўлга қўйишга оид 10 дан ортиқ ҳужжат, Ҳамдўстликка аъзо мамлакатлар ҳудудлари ўртасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш бўйича "Йўл хариталари" имзоланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси