Logo

Лондонда Ўзбекистоннинг етакчи иқтисодий ва молиявий тузилмалари хусусийлаштириш ҳамда трансформация қилиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича тақдимотларини намойиш этди

Июнь 24, 2024. 08:03 • 2 дақ

307
Лондонда Ўзбекистоннинг етакчи иқтисодий ва молиявий тузилмалари хусусийлаштириш ҳамда трансформация қилиш соҳасидаги ҳамкорлик бўйича тақдимотларини намойиш этди

ЛОНДОН, 24 июнь. /"Дунё" АА/. 18-21 июнь кунлари Лондон шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси Буюк Британия Бизнес ва савдо вазирлиги кўмагида роуд-шоу ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистондан етиб келган "Навоий КМК" АЖ, "Ўзтелеком" АЖ, "Ўзбекнефтгаз" АЖ, АТБ "Ипак йўли банки", "Алоқа банки", "Бизнесни ривожлантириш банки" каби республика идораларининг раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувлар давомида хорижий ҳамкорларга Ўзбекистон банк-молия тизимидаги ўзгаришлар, республикадаги акциядорлик жамияти ва тижорат банклари фаолияти, хусусан, идораларнинг сўнгги молиявий кўрсаткичлари ҳамда халқаро молия институтлари кўмагида амалга оширилаётган трансформация жараёнлари ҳақида тақдимотлар намойиш этилди.

Лондон фонд биржасида бўлиб ўтган тадбир давомида Британия томонига Ўзбекистондаги йирик давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва трансформация қилиш соҳасида ҳамкорлик, жумладан, акцияларни бирламчи (IPO) ва иккиламчи (SPO) жойлаштириш масалалари юзасидан тақдимотлар ўтказилди.

Британиянинг "Franklin Templeton Investments" компанияси билан ўзаро фондлар ташкил этиш, индивидуал бошқарув портфелларини шакллантириш, иқтисодиёт тармоқларидаги корхоналарнинг қувватларини кенгайтириш ҳамда ускуналарни модернизация қилиш учун узоқ муддатли молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Британия томони Ўзбекистон билан барқарор ривожланиш ва корпоратив ижтимоий масъулият амалиётларини жорий этиш ҳамда Ўзбекистонда экологик вазиятни ва ижтимоий фаровонликни яхшилашга қаратилган лойиҳаларга инвестиция киритишни кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Икки томонлама учрашув давомида "ЮКИEФ" Британия Экспорт-кредит агентлиги Ўзбекистонда иқтисодий соҳада олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, республикада амалга оширилаётган инфратузилмавий лойиҳаларга сармояларни йўналтиришга тайёрлигини тасдиқлади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш