Logo

Бельгиянинг дунёга машҳур ресторанлар тармоғи Ўзбекистон бозорига кириб келмоқда

Сентябрь 08, 2024. 11:29 • 42 сония

743
Бельгиянинг дунёга машҳур ресторанлар тармоғи Ўзбекистон бозорига кириб келмоқда

БРЮССЕЛЬ, 8 сентябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Бельгиянинг "Le Pain Quotidien" халқаро ресторанлар тармоғи ва Ўзбекистоннинг "RestofFoods" компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ҳужжатга кўра, "Le Pain Quotidien" ресторанлар тармоғи яқин вақт ичида Ўзбекистонда ўз фаолиятини йўлга қўяди.

Дунёга машҳур бренднинг юртимизга кириб келиши Ўзбекистон фуқаролари ва меҳмонлари учун мамлакатимиз жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

"Le Pain Quotidien" халқаро ресторанлар тармоғи 1990 йилда Брюссель шаҳрида Ален Кумон томонидан ташкил этилган. Ушбу тармоғнинг 260 дан ортиқ ресторанлари дунёнинг 20 дан ортиқ давлатларида, жумладан, Бельгия, Нидерландия, Буюк Британия, Франция, Швейцария, Бразилия, Испания, БАА, Кувайт ва Қатарда мавжуд.

"Le Pain Quotidien"нинг муаллифлик рецепти асосида тайёрланадиган маҳсулотлар, жумладан нон, турли хил салатлар, сэндвичлар, ичимликлар, тарталетка ва тартинлар хўррандалар орасида юқори талабга эга.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш