Logo

Япониялик тадбиркорлар Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагини билдирмоқда

Январ 25, 2026. 12:14 • 2 дақ

121
Япониялик тадбиркорлар Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагини билдирмоқда

ИСТАНБУЛ, 25 январь. /“Дунё” АА/. Бош консулхона Япония ташқи савдо ташкилотининг (JETRO) Истанбулдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Туркияда фаолият юритиб келаётган япон компаниялари вакиллари иштирокида бизнес-семинар ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад япон бизнес доиралари вакилларига Ўзбекистондаги инвестиция муҳити, иқтисодий ислоҳотлар, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш механизмлари, эркин иқтисодий зоналар имкониятлари ҳамда истиқболли ҳамкорлик йўналишлари ҳақида батафсил маълумот тақдим этишдан иборат бўлди.

JETROнинг Истанбулдаги ваколатхонаси раҳбарияти билан бўлган мулоқот жараёнида мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, япон компанияларининг Ўзбекистон бозорига кириб келишини ташкилий қўллаб-қувватлаш имкониятлари тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, япон ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга ташрифларини ташкил этиш ва B2B учрашувлар ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Япон томони маълумотига кўра, ҳозирги вақтда Япония томонидан Марказий Осиё давлатлари орасида сармоя киритиш учун энг катта қизиқиш айнан Ўзбекистонга бўлмоқда. Ўзбекистон Президентининг яқинда Токиога амалга оширган ташрифи натижасида ушбу йўналишдаги ишлар янада жадаллашмоқда.

Дипломатларимиз япониялик ишбилармонларга Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти, соҳалар кесимидаги устувор йўналишлар ва амалий ҳамкорлик имкониятлари юзасидан тақдимот намойиш қилди.

Туркияда давом этаётган инфляция жараёнлари фонида мазкур мамлакатда фаолият юритиб келаётган ва семинарда иштирок этган япон корхоналарининг катта қисми Ўзбекистонда ўз бизнесини йўлга қўйиш истагини билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш