Logo

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги огоҳлантиради!

Октябрь 24, 2025. 20:06 • 2 дақ

214
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги огоҳлантиради!

ТОШКЕНТ, 24 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳудудида ноқонуний гуруҳлар Ўзбекистон консуллик муассасалари номидан сохта ҳужжатлар тайёрлаб бераётгани юзасидан баёнот берди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясида жойлашган консуллик муассасалари фаолияти давомида Ўзбекистон фуқаролари томонидан консуллик муассасаларига қалбаки ҳужжатлар тақдим этиш ҳолатлари кузатилаётганини маълум қиламиз.

Мавжуд маълумотларга кўра, Ўзбекистон ва бошқа давлатларнинг турли хил қалбаки ҳужжатларини тайёрлаб бериш "хизматлари"ни таклиф қилувчи эълонлар "Телеграм" мобиль иловасидаги виртуал гуруҳ ва каналларда кенг тарқалмоқда.

Таъкидлаш лозимки, ушбу жиноий гуруҳлар фаолияти натижасида фуқаро Э.М.Р.қалбаки "Ватанга қайтиш гувоҳномаси"ни расмийлаштирган ва Ўзбекистонга чипта олиш жараёнида ҳужжатнинг сохталиги аниқланган. Ўзбекистон Республикаси Қозон шаҳридаги Бош консулхонасининг тезкор ҳаракатлари натижасида фуқаронинг Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 322-моддаси (Россия Федерацияси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш) ҳамда 327-моддаси (сохта ҳужжатлар, давлат мукофотлари, штамплар, муҳрлар ёки бланкаларни қалбакилаштириш, тайёрлаш ёки сотиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этишининг олди олинди.

Шунингдек, фуқаро O.Б.Б. ушбу йўл билан фуқаро X.M.A. билан тузилган қалбаки никоҳ асосида "никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома"ни расмийлаштирган ва унга асосан Россия Федерацияси фуқаролик ҳолатини далолатномаларни ёзиш (ФҲДЁ) органларидан ўз фарзанди O.M.Б.га "туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома"ни олган.

 

Ҳурматли фуқаролар ва ватандошлар!

 

Россия Федерацияси ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган турли хил "ҳужжат тайёрлаб бериш" ҳақидаги эълонларга алданмаслик, ҳужжатларни расмийлаштиришда фақат Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш қатъий тавсия этилади. Бу орқали сиз фирибгарлик ва нохуш ҳолатларга тушиб қолишнинг олдини олишингиз мумкин.

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш