Logo

Ўзбекистон ва Швеция миграция соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир масалаларни муҳокама қилмоқда

Октябрь 10, 2025. 20:28 • 2 дақ

275
Ўзбекистон ва Швеция миграция соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир масалаларни муҳокама қилмоқда

СТОКГОЛЬМ, 10 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон делегацияси 5-7 октябрь кунлари амалий ташриф билан Швецияда бўлди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Ташриф давомида Стокгольм шаҳрида Швеция миграция вазири Йохан Форссел, Савдо ва тараққиёт вазири Беньямин Доус, парламент раиси ўринбосари Юлия Кронлид, Миграция агентлиги ва полиция раҳбарияти ҳамда Швецияда истиқомат қилаётган ватандошлар билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Музокаралар чоғида миграция соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир кенг кўламли масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистондан Швецияга қонуний миграцияни йўлга қўйиш, ноқонуний миграцияга қарши курашиш, ҳамкорликнинг ҳуқуқий ва ташкилий механизмларини такомиллаштириш, икки мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Парламент ва полиция вакиллари билан учрашувда идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миграция соҳасидаги қонунчилик базасини такомиллаштириш, миграция жараёнларини полиция назорати бўйича тажриба алмашиш, трансмиллий ва уюшган жиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

 Томонлар ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қўшма механизмларни ишлаб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар ва икки мамлакат ваколатли органлари ўртасида тизимли ва узоқ муддатли асосда амалий ҳамкорликни кучайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Ташриф давомида Швецияда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари, жумладан, талабалар, ўқитувчилар ва тадбиркорлар иштирокида давра суҳбати ҳам бўлиб ўтди.

Юртдошлар билан қонуний миграцияни ривожлантириш, ноқонуний миграциянинг олдини олиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни ташкил этиш, Швеция олий ўқув юртларида амалиёт ўташ имкониятларини кенгайтириш, кейинчалик битирувчиларни Швецияда ҳам, ўз ватанларида ҳам ишга жойлаштиришга оид масалалар муҳокама қилинди.

Консуллик хизматларини такомиллаштириш ва Ўзбекистон фуқароларининг қабул қилувчи давлатдаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Давра суҳбати доирасида маданий тадбирлар ҳам ўтказилди.

 

 

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш