Logo

Ўзбекистон делегацияси Уганда пойтахтида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати вазирлар йиғилишида иштирок этди

Январ 20, 2024. 11:46 • 48 сония

211
Ўзбекистон делегацияси Уганда пойтахтида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракати вазирлар йиғилишида иштирок этди

ТОШКЕНТ, 20 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев бошчилигидаги делегация Кампала шаҳрида (Уганда) бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракатининг вазирлар йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

ТИВ маълумотига кўра, тадбирда 100 дан ортиқ давлат делегациялари, жумладан, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари даражасидаги делегациялар қатнашди.

Йиғилишда Қўшилмаслик ҳаракатининг 19-саммити кун тартиби ва унда кўриб чиқиш учун тақдим этилган ҳужжатлар лойиҳалари кўриб чиқилди ва маъқулланди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари ўз нутқида Халқаро транспорт тармоқлари ва инфратузилмаларини ривожлантириш, иқтисодий ва молиявий тизимларни такомиллаштириш бўйича Ҳаракат доирасида яқин ҳамкорликни ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Можароларни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича ташаббусларни ишлаб чиқиш, табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларга тайёрликни кучайтириш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни сафарбар этиш муҳимлиги қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари халқаро кун тартибининг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш