ТИВда БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармасининг минтақавий вакили билан учрашув бўлиб ўтди
Июнь 10, 2026. 21:30 • 2 дақ
• 44
ТОШКЕНТ, 10 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бугун БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Маҳир Сафарли билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, мулоқот давомида томонлар ҳамкорликнинг устувор йўналишларини, шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистон халқига гуманитар ва ижтимоий ёрдам кўрсатишдаги ролини муҳокама қилди.
Маҳир Сафарли Термиз шаҳрида яратилган транспорт-логистика инфратузилмаси имкониятларини юқори баҳолади ҳамда Афғонистон халқини қўллаб-қувватлаш бўйича икки томонлама ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.
БМТ Қочқинлар бўйича олий комиссари бошқармаси вакили ташкилот фаолиятини доимий қўллаб-қувватлаб келаётгани, шунингдек, қўшни Афғонистон халқига мунтазам ғамхўрлик кўрсатаётгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирди.
Бугунги кунда Ўзбекистон–Афғонистон чегараси БМТнинг гуманитар институтлари юкларини етказиб бериш учун ишончли коридор бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
“Дунё” АА олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси