Logo

Ўзбекистон ҳаётида кечаётган муҳим воқеалар Яқин Шарқ мамлакатларининг етакчи оммавий ахборот воситалари нигоҳида

Май 18, 2025. 10:42 • 2 дақ

58
Ўзбекистон ҳаётида кечаётган муҳим воқеалар Яқин Шарқ мамлакатларининг етакчи оммавий ахборот воситалари нигоҳида

АР-РИЁЗ, 18 май. /"Дунё" АА/. Яқин Шарқ мамлакатларининг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонда кечаётган муҳим воқеаларни кенг ёритяпти, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Жумладан, Яманнинг "Wikalat Anba Hadramawt" сайтида  "19-21 май кунлари Термизда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади" сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан биргаликда ташкил этилаётгани маълум қилинган.

"Мулоқотдан асосий мақсад – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқадорликни мустаҳкамлаш бўйича 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қўллаб-қувватланган ташаббусини илгари суриш учун кўп томонлама мунозара майдонини шакллантиришдан иборат" – дейилган мақолада.

Қайд этилганидек, форум иштирокчилари Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қиладилар.

"Тадбир Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги "Термиз халқаро савдо маркази" ҳудудида ўтказилади", – деб маълум қилган Яман ОАВ.

Саудия Арабистонининг "Sahm News" электрон нашри "Ўзбекистон яшил водород ишлаб чиқаришга тайёр" сарлавҳали мақолани ўз ўқувчилари эътиборига тақдим қилди.

Мақолада Саудия Арабистонининг "ACWA Power" компанияси иштирокида Тошкент вилоятида яшил водородни синовдан ўтказиш июнь ойида ишга туширилиши мумкинлиги ва шу тариқа Ўзбекистон экологик тоза ёқилғи турларидан бирини ўзлаштирган дунёдаги олтинчи давлатга айланиши таъкидланган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон июнь ойидаёқ яшил водород ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин. Бу ҳақда мамлакат энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 13 май куни Тошкентдаги CAEx халқаро кўргазма мажмуасида бошланган UEW-2025 Ўзбекистон халқаро энергетика ҳафталигида маълум қилди.

"Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, муқобил энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш натижасида Ўзбекистон дунёда биринчилардан бўлиб яшил водороддан минерал ўғитлар тайёрлаш, иқтисодиётнинг ушбу секторини декарбонизация қилиш ва юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотларни жаҳон бозорларига йўналтириш имкониятига эга бўлади", – деб ёзган Саудия электрон нашри.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш