"London post": Омонхона – Сурхондарёнинг ифтихори, Ўзбекистон туризмининг дурдонаси, ҳали дунё аҳли тўлиқ кашф этмаган бебаҳо бойлик
Апрель 24, 2025. 09:12 • 2 дақ
• 131
ЛОНДОН, 24 апрель. /"Дунё" АА/. Буюк Британиянинг "London post" янгиликлар порталида Сурхондарё вилоятидаги Сангардак шаршараси ва Омонхона қишлоғига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Сурхондарё вилоятининг сўлим тоғларида, гўзал табиат қўйнида ажиб маскан – Омонхона қишлоғи жойлашган. Бу шунчаки қишлоқ эмас, балки табиат, тарих ва инсон қалбининг ноёб уйғунлиги. Омонхона – мафтункор гўзаллик, шифобахш булоқлар, қадимий анъаналар ва самимий меҳмондўстлик тимсоли ҳамдир", – деб ёзилган нашр аввалида.
Қайд этилишича, саёҳатчилар Оммонхонага қадам қўйиши биланоқ ўзини бошқа оламга кириб қолгандек ҳис қилади. Қишлоқдан оқиб ўтган зилол ва тиниқ, муздек шифобахш сув инсон танасини поклайди, тоғ ёнбағирларидаги сокин манзара эса қалбга таскин беради.
"Бу ҳудуднинг энг ноёб бойлиги шаффоф ва минерал элементларга бой булоқ сувидир. Ҳар йили минглаб маҳаллий ва хорижий сайёҳлар ушбу гўзал масканда ўз соғлиғини тиклаш учун келади. Масалан, 2024 йилда Омонхонага 100 мингдан ортиқ сайёҳ келган бўлиб, бу рақам йилдан-йилга ортиб бормоқда", – дея қайд этган электрон нашр.
Бугунги кунда ана шу шифобахш сув манбаи атрофида замонавий санаторийлар, соғломлаштириш масканлари барпо этилмоқда. Бу лойиҳалар Омонхонани нафақат дам олиш, балки саломатликни тиклаш ва маънавий покланиш учун идеал масканга айлантиряпти. Бугун Омонхона Сурхондарёнинг ифтихори, Ўзбекистон туризмининг дурдонаси, ҳали дунё аҳли тўлиқ кашф этмаган бебаҳо бойликдир.
Шунингдек, мақолада Сангардак шаршараси ҳақидаги муҳим янгиликлар ўқувчилар эътиборига тақдим қилинган.
Хусусан, нашрда Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида жойлашган Сангардак шаршараси ҳамон туристик йўналишлар соясида қолаётган табиат мўъжизаси эканлиги таъкидланган. Бу шаршара табиат билан ёлғиз қолишни хуш кўрадиганлар учун унутилмас дақиқаларни тақдим этади.
"Бошқа кўплаб табиат гўзалликлардан фарқли ўлароқ, Сангардак шаршарасини нафақат кўриш, балки тоғдан ёмғир ёққандек сув томчиларидан таралаётган мунгли оҳангни эшитиш, зилол сувидан татиб кўриш, мусаффо ҳавосидан мириқиб нафас олиш мумкин", – деб ёзган муаллиф.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон делегацияси аёллар мулоқоти форумида иштирок этди
"Europa Press": Испания ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида меморандум имзолади
Ўзбек миллий қадриятлари "Charity Bazaar" хайрия фестивалида эътироф этилди